Тошкентдан Андижонга учадиган самолёт 24 декабрь куни парвозни фақат Фарғонагача амалга оширади. Бу ҳақда «Uzbekistan Airways» ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум бўлишича, компания парвозни туман туфайли кўринувчанлик ёмонлашиши сабаб фақатгина 24 декабрь куни Тошкент–Андижон авиақатновини Фарғонагача амалга оширади. Шунингдек, Андижон– Тошкент қатнови эса Фарғона шаҳридан ташкиллаштирилиши айтилган.

Қолаверса, компания ахборот хизмати қуйидаги ўзгартиришларни маълум қилган:

  • Тошкент–Андижон авиақатновининг жўнаб кетиш вақти соат 14:00 га;
  • Андижон–Тошкент авиақатновининг жўнаб кетиш вақти эса соат 16:00 га ўзгартирилди.

Йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида Андижон ва Фарғона аэропортлари ўртасида трансфер ҳаракат ташкил этилади.

Аввалроқ «Uzbekistan Airways» талабалар учун 50 фоиз чегирма эълон қилгани ҳамда бу арзон тарифлар учун қўлланилмаслиги бўйича маълумот берилган.