«UzAuto Motors» компанияси 2022 йил ёзи ўрталарида янги «Tracker» автомобилининг кичик узелли йиғишини бошлашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда «Газета.uz» хабар берди.

Фото: «Автостраdа»

Маълум қилинишича, яқин кунларда Асакадаги автозаводда машиналарнинг синов вариантлари ишлаб чиқарилди. «Ҳозирда конвейерни жойлаштириш ва автомобилларни синовдан ўтказиш ишлари олиб борилмоқда», дея қайд этган компания.

Автомобиль модели Global Emerging Markets (GEM) ягона бюджет платформасида кичик узелли йиғиш услубида ишлаб чиқарилади. Маҳаллийлаштириш даражаси камида 50 фоиз бўлиши кутилмоқда. «Бироқ биз бу кўрсаткични оширамиз», дейилади хабарда.

Ишлаб чиқариш ҳажмининг йилига энг камида 80 минг дона автомобиль даражасида бўлиши режалаштирилган. Маҳаллий ишлаб чиқарилган автомобиллар нархининг ҳозирда тайёр кўринишда импорт қилинаётган «Tracker» моделларидан қанчалик фарқ қилиши ҳали маълум эмас.

«Амалиётнинг кўрсатишича, автомобиль нархи ҳақида фақатгина таннархи белгиланганидан кейин айтиш мумкин. Сўнгги йилларда бу кўрсаткич логистика ва импорт микрочиплари билан боғлиқ вазиятга жуда ҳам боғлиқ бўлиб турибди», дея маълум қилди компания.

Аввалроқ «UzAuto Motors» орқа ойна иситиш тизимини текшириш мақсадида «Nexia», «Cobalt», «Lacetti» машиналарини қайтариб олишини эълон қилганди. Шунингдек, компания «Nexia», «Spark», «Cobalt», «Lacetti» машиналарини сотиш бўйича янги аризаларни қабул қилишни вақтинча тўхтатган.