Япония Ўзбекистонга тиббиёт муассасаларини қўллаб-қувватлаш учун 433 минг доллар ажратади

Япония ҳукумати Сурхондарё вилоятидаги бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида сув таъминоти ва канализация инфратузилмасини модернизация қилишга кўмаклашиши маълум қилинди. Бу ҳақда «Unicef.org» сайтида хабар берилди.

Фото: «Shutterstock»

Маълум қилинишича, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармасига (UNICEF) ажратиладиган грант доирасида Япония Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилоятидаги бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларини қўллаб-қувватлайди. Бунинг учун 433 минг доллар йўналтирилади.

«Япония ҳукумати Ўзбекистон ва Афғонистоннинг минтақадаги қўшни давлатларини UNICEF ва БМТнинг бошқа агентликлари орқали соғлиқни сақлаш, озиқ-овқат, овқатланиш, ҳимоя, сув ҳамда санитария соҳаларида қўллаб-қувватлашда давом этмоқда», — дейди Япониянинг Ўзбекистондаги элчиси Ёшинори Фужияма.

Таъкидланишича, дастур доирасида Сурхондарё вилояти Термиз туманидаги бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида сув таъминоти, канализация ва гигиена тизимини яхшилаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш режалаштирилган. Жумладан, сув қувурлари қуриш, сув идишлари ва фильтрларни ўрнатиш, санитария иншоотларини қуриш ва таъмирлаш, электр энергияси ва иссиқ сув таъминоти учун қуёш панеллари ўрнатиш, чиқиндиларни утилизация қилиш иншоотлари шулар жумласидандир. Дастур шунингдек, жорий операцияларни ривожлантириш ва замонавий инфратузилмани сақлашни қўллаб-қувватлайди.

Қайд этилишича, UNICEF лойиҳани 2022 йилнинг мартидан 2023 йилнинг февралигача амалга оширади. Термиз туманида 80 мингга яқин аҳоли яхшиланган сув таъминоти хизматларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлиши кутилмоқда.

Аввалроқ Япония Афғонистон ва унга қўшни бўлган мамлакатларга умумий ёрдам доирасида Ўзбекистонга 200 минг доллар миқдорида грант ажратганди. Шунингдек, Япония ҳукумати қочқинлар учун гуманитар ёрдам бериш эҳтиёжи ортиб бораётган Афғонистон ва қўшни давлатларга 65 миллион доллар миқдорида фавқулодда грант ёрдами кўрсатиш тўғрисида қарор қабул қилганди.

Кўп ўқилган

Бошқа лойиҳаларимиз