Озарбайжонда ҳар қандай ҳарбий топшириқни бажаришга тайёр бўлинма тузилди

Озарбайжон Қуролли кучларида махсус «командо» бригадалари шакллантирилди. Бу ҳақда мамлакат президенти Илҳом Алиев Ҳадрут қишлоғида янги ҳарбий қисмнинг очилишида айтиб ўтди. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар берди.

Фото: «EU Reporter»

Президентнинг сўзларига кўра, «командо» бригадалари ҳар қандай ҳарбий топшириқни бажаришга тайёр бўлади.

«Бу бригадаларда Ватан учун фидойилик кўрсатишга тайёр бўлган яхши тайёргарликка эга инсонлар хизмат қилади. Бу армиянинг ҳарбий қудратини сезиларли даражада оширади», — дейди президент.

Маълум қилинишича, 2021 йил ноябрь ойи ўрталарида Озарбайжон ва Арманистон ўртасида 2020 йилдан буён қайд этилган энг йирик ҳарбий тўқнашувлар юз берган. Жанглар Арманистоннинг Сюник вилояти ва Озарбайжоннинг Келбажар вилояти ҳудудида бошланган. Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Арманистон, Озарбайжон мудофаа департаментлари раҳбарлари ўртасидаги музокаралардан сўнг вазият барқарорлашган.

Шундан сўнг 26 ноябрь куни Сочидаги музокараларда Озарбайжон президенти Илҳом Алиев, Арманистон бош вазири Никол Пашинян ва Россия президенти Владимир Путин учрашган. Улар Тоғли Қорабоғ ҳудудидаги транспорт йўлакларини блокдан чиқариш, Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги чегарани демаркация қилиш механизмларига келишиб олган. Кейинчалик томонлар ҳарбий асирлар алмашган.

Аввалроқ Арманистон Қорабоғ бўйича музокараларни қайта бошлашга тайёрлигини эълон қилганди. Шунингдек, Арманистон бош вазири Россия ҳарбийларини Озарбайжон билан чегарада жойлаштиришга чақирган.

Кўп ўқилган

Бошқа лойиҳаларимиз