Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти ҳамда «Eriell» компанияси томонидан 24 декабрь куни Тошкентда «Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида» китоб-альбоми устида ишлаган бир гуруҳ олимлар ҳамда ушбу лойиҳани қўллаб-қувватлаган расмий шахсларни «Келажак учун мерос» мукофоти ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Маълум қилинишича, тадбирда 100 дан ортиқ иштирокчилар, хусусан, 12 нафар академик, 9 нафар фан доктори, 7 нафар фан номзоди, 20 нафардан ортиқ музей ва кутубхона мутахассислари, 7 нафар уй-музейлар директори, шунингдек, 15 нафар оммавий ахборот воситалари вакиллари тақдирланган. Шу билан бирга, давлат ва жамоат ташкилотлари кутубхоналарига «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» туркумидаги китоб-альбомларни анъанавий тарзда тақдим этиш маросими бўлиб ўтган. 2021 йил ноябрь ойида эса акция ташкилотчилари томонидан кутубхоналар ва таълим муассасаларига 10 мингдан ортиқ китоб-альбомлар топширилган.

«Ушбу лойиҳани 5 йил аввал ташкил этгандик, бугун 50 жилдни кўриб турибмиз — бу мамлакатимиз маданияти ва илм-фанини ўрганиш, асраб-авайлаш ва оммалаштиришга ўз билими, тажрибаси, куч ва ғайратини бағишлаган кўплаб олимларнинг ҳақиқий меҳнати. Умид қиламанки, келаси йил ҳам барчамиз яна шундай Янги йил тадбирида тўпланиб, барчага янги альбомлар туркумини совға қиламиз», — дейди «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» лойиҳасининг илмий раҳбари Эдвард Ртвеладзе.

«‘Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларидаʼ лойиҳаси Янги Ўзбекистоннинг ташриф қоғози ҳисобланади. Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон маданий меросини асраб-авайлаш ва оммалаштиришни давлат сиёсати даражасига кўтарди, 50 та китоб-альбом нашр эттирган, дунёнинг 300 нафар олимларини бирлаштирган лойиҳамиз эса ушбу сиёсатнинг беш йилдаги натижасидир. Шу муносабат билан Ўзбекистон ҳукуматига грантлар ажратгани, музей ва таълим муассасаларига ‘Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларидаʼ туркумидаги китобларни совға қилиш имконияти учун миннатдорчилик билдираман. Шу кунларда йил якунларини сарҳисоб қилар эканман, лойиҳа ҳаммуаллифи — ‘Eriell Groupʼ компанияси ва унинг раҳбари Бахтиёр Фозиловга беш йил давомида доимий қўллаб-қувватлагани учун алоҳида миннатдорчилик билдираман», — дейди Жаҳон жамияти бошқаруви раиси Фирдавс Абдухолиқов.

Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимовнинг таъкидлашича, Жаҳон жамияти томонидан «Маданий мерос ҳафталиги» доирасида ҳар йили ўтказиб келинаётган тадбирлар миллий маданий мерос ва анъаналарни кенг тарғиб этишга хизмат қилиб, нафақат мамлакатда, балки жаҳон миқёсида ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. «Хорижда бундай лойиҳалар ҳайрат билан кўрилади», — дейди у.

Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, санъат фанлари доктори Нигора Аҳмедова «Ўзбекистон маданий мероси» лойиҳаси илк маротаба Бадиий академиянинг рассомлари, академикларини тўплагани ва уларга эътибор қаратганидан хурсанд бўлгани ва бу ёқимли эканини қайд этган.

«Рассом ўз ҳаёти билан яшайди, яратади ва уларнинг ҳар бири учун бундай эътибор эса ҳақиқий катта воқеадир. Альбом-китоблар барчамиз учун чинакам шоҳона совғадир!» — деган у.

«Келажак учун мерос» мукофоти «Маданиятни ривожлантириш, Ўзбекистон маданий меросини асраб-авайлаш, ўрганиш ва оммалаштириш ғояларини тарғиб қилиш ва қўллаб-қувватлашга қўшган ҳиссаси учун», «Ўзбекистон тарихи, археологияси ва санъати тарихини ўрганиш соҳасидаги кўп йиллик хизматлари учун», «Ўзбекистон қўлёзма меросини, эпиграфик меъморий ёзувларни сақлаш ва ўрганишга қўшган ҳиссаси учун, «Рассом ва вақт», «Ўзбекистон маданий мероси» туркумига оид китоб-альбомлар муаллифлари, «Ўзбекистон маданий меросига бағишланган ҳужжатли фильмлар туркуми учун», «Ўзбекистон фан ва маданиятини оммалаштиришга қўшган ҳиссаси учун» номли 7 йўналиш бўйича ўз эгаларига топширилган.