Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Breaking: Ўзбекистонда талаба ва ўқувчилар учун қишки таътил муддатининг бошланиши 25 декабрга кўчирилди.

Фото: «Bugun.uz»

Талабаларни доимий яшаш жойларига бориш ва қайтиши учун ички темир йўл ва авиақатновларга чипталарни махсус 50 фоизли чегирма билан харид қилиш имтиёзи 25 декабрдан эътиборан қўлланиши муносабати билан ушбу қарорга келинган.

Бугунги дайжест одатдагидан қисқа ва лўнда бўлади (карикатураси билан, албатта). Чунки бугунги хабарлар оқими бироз кам ва куннинг асосий янгилиги — Ўзбекистондаги биринчи ва дунёдаги бешинчи GTL (Gas to liquid — газдан суюқликкача) заводининг очилиши бўлди. Бу ҳақда кўп тўхталмаймиз, фақатгина энг қизиқ жойини келтирамиз. Демак, дайжестнинг биринчи хабари ушбу завод очилишидан.

Президент заводнинг марказий бошқарув пультида ишлаётган ёшлар билан суҳбатлашди. Операторнинг ойлигини эшитган журналистлар улардан иш сўради (ҳазил тариқасида, албатта).

Шавкат Мирзиёев GTL заводининг очилиш маросимида қатнашиш учун Қашқадарё вилоятига борди. Давлат раҳбари ташриф давомида заводнинг марказий бошқарув пультида ишлаётган ёшлар билан суҳбатлашди. Оператор Қуанишбай Тлемуратов 15 миллион сўм ойлик олишини айтди.

Операторнинг ойлик маошини эшитган журналистлардан бири Қуанишбай «ундан кўп топишини», яна бири эса журналистларга ҳам иш бор-йўқлигини сўради (ҳазил тариқасида), унинг сўровига Президент ҳам кулиб қўйди.

Ўзбекистонда 2021 йилнинг январь–ноябрь ойларида 9,2 миллиард доллар хорижий инвестиция ўзлаштирилди.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги бош бошқармаси бошлиғи Иномжон Абдураҳмонов Ўзбекистонга 2021 йилнинг 11 ойида қанча хорижий инвестиция жалб қилингани ҳақида маълумот берди.

Фото: «Bugun.uz»

Унга кўра, 2021 йилнинг январь–ноябрь ойларида 9,229 миллиард доллар хорижий инвестициялар ўзлаштирилган. Инвестициялар бўйича режалар прогнозларга нисбатан 111 фоизга бажарилган.

Тармоқлар бўйича энг кўп инвестиция энергетика соҳасида ўзлаштирилган — 946 миллион доллар. Ҳудудлар кесимида олинганда эса асосий ўсиш Хоразм, Сирдарё ва Бухоро вилоятларида кузатилган.

Қурилиши керак бўлган Тошкент–Андижон пулли автомобиль йўли эсингиздами? Ёдингиздан чиқармай туринг, у «тахминан 5 йилда» қурилади.

Фото: «Bugun.uz»

Тошкент–Андижон пулли автомобиль йўлини қуриш лойиҳаси бир нечта омиллар ҳисобга олинмагани сабаб режалаштирилган вақтдан ортда қолди. Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлигининг «Bugun.uz»га маълум қилишича, бу лойиҳа ҳозир техник иқтисодий асос ишлаб чиқиш бўйича халқаро консалтинг компанияларни ёллаш босқичида. Асос 2022 йилда ишлаб чиқилиши кўзда тутилган бўлиб, қурилиш ишлари таҳминан 5 йил давом этади.

Мазкур лойиҳа учун Қамчиқ довонида алоҳида автомобиль йўли ва туннель қурилади. Йўлда ҳаракатланиш нархи эса қурилиш харажатлари, лойиҳанинг техник иқтисодий асослари тайёрланиши билан маълум бўлади.

Жаҳон банкининг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, йўлдан фойдаланишда енгил автомобиль ва енгил юк машиналари учун тахминий нарх 5 ва 7 АҚШ доллари, юк машиналари ва автобуслар учун 15 АҚШ доллари атрофида бўлади.

Ўзбекистонда TikTok блокдан чиқарилиши мумкин. АОКА бу бўйича компания раҳбарияти билан гаплашиб олган.

«Bugun.uz»га етиб келган маълумотларга кўра, Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги — АОКА TikTok видеоплатформаси раҳбарияти билан 2020 йилдан бери музокаралар олиб бормоқда. Мақсад — платформадаги ноқонуний контентларни ўзбек сегментидан ўз вақтида фильтрлаб туришга келишиш.

Фото: «Bugun.uz»

Биздаги маълумотларга кўра, АОКА ва компаниянинг музокаларидан яхши натижалар бор. Агентлик музокалар ва суҳбатлар давомидаги келишувлар ва Ўзбекистоннинг сўз, интернет ва ОАВ эркинлиги бўйича рейтинглардаги ўрни тушиб кетмаслигини ҳисобга олиб, қуйидагиларни амалга ошириши мумкин:

  • TikTok видеоплатформасига очиқ ва чекловларсиз кириш имкониятини кўриб чиқиш;
  • компанияга Ўзбекистон қонунчилигига хилоф материалларнинг тарқалишидаги агентлик позициясини етказиш;
  • TikTok компанияси билан бирга давлат идоралари ходимлари, идораларнинг матбуот ходимлари ва қатор интернет фойдаланувчиларига рақамли саводхонликни ривожлантиришга қаратилган тренинг ва маърифий тадбирлар ўтказиш.

Колумнистимиз Ҳабибулло Мўйдинов блокдан чиқарилиши мумкин бўлган TikTok, чекланганича қолаётган Twitter’га атаб карикатура чизди.

Карикатура: «Bugun.uz» / Ҳабибулло Мўйдинов

Бошқа хабарлар пунктлар:

  • Ўзбекистонда 35 та ОТМга молиявий мустақиллик берилди — рўйхат;
  • Ўзбекистондаги энг кўп цемент ишлаб чиқарадиган «Қизилқумцемент» акциядорлик жамиятини хусусийлаштиришга тайёрлаш бошланди.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.