Халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгашининг 25 декабрдаги сессиясидан сўнг Зойир Мирзаев оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар учун ташкил этилган матбуот анжуманида раҳбарлар қандай бўлиши кераклиги ҳақида сўз юритди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Унда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Зойир Мирзаев журналистларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берди. Хусусан, мурожаатномада келтирилган турли соҳалардаги таҳлиллар ва режалар, вилоятнинг олис жойларида мактаб ўқувчилари учун махсус транспорт қатновини йўлга қўйиш, хорижда ишлаётган фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, йўл қурилиши, хизмат кўрсатиш ва саноат тармоқларининг келгусидаги фаолиятини ривожлантириш каби кўплаб мавзуларда фикр-мулоҳазалар билдирилди.

«Бугунги кунда ҳоким эрталаб шифокор, ‘обед’да ўқитувчи, кечга томон тадбиркор, кечаси керак бўлса, фаррош ёки йўлчи бўлсин. Ҳамма соҳани яхши билиши, тушуниши муҳимдир. Лекин ҳар қайси раҳбар ёки соҳа эгаси ‘Менинг фикрим тўғри’, деса хато қилади. Биз шундай фикрлашимиз керакки, кенг жамоатчилик қўллаб-қувватласагина тўғри бўлади. Мен шунинг тарафдориман», — деди Мирзаев.

Аввалроқ Зойир Мирзаев депутатлар ва журналистлар билан Нурафшон шаҳри марказидаги янги боғ ҳудуди ҳамда катта арча атрофини айланиб, дўстона суҳбат қилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Қашқадарё оғир вилоятлардан бири бўлгани, аммо Зойир Мирзаев эплагани, Тошкент вилоятида муаммолар кўплиги учун уни атайин бу ерга олиб келгани ҳақида айтиб ўтган.