Ўзбекистондаги энг кўп цемент ишлаб чиқарадиган «Қизилқумцемент» акциядорлик жамиятини хусусийлаштиришга тайёрлаш бошланди. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги «UzAssets» инвестиция компанияси матубот хизмати хабар берди.

Фото: «UzAssets» инвестиция компанияси

Президентнинг 2020 йил 27 октябрдаги фармони доирасида «Қизилқумцемент» акциядорлик жамияти устав капиталидаги 86,9 фоиз акциялар пакетини хусусийлаштиришга тайёрлаш ва тўлиқ хусусий секторга сотиш кўзда тутилган.

Фармонда белгиланган вазифалар асосида Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги «UzAssets» инвестиция компанияси ва «Қизилқумцемент» томонидан корхона жорий ҳолатининг комплекс таҳлилини ўтказиш мақсадида «Deloitte» халқаро консалтинг компанияси жалб этилган.

Таҳлил натижаларига кўра, компания корхонанинг жорий ҳолати тўғрисида батафсил ҳисобот, шунингдек, корхонани хусусийлаштиришда эътиборга олиниши керак бўлган асосий омиллар бўйича бир қатор тавсиялар тайёрлаган.

Бундан ташқари, «UzAssets» инвестиция компанияси ва «Қизилқумцемент» акциядорлик жамияти томонидан корхонани баҳолаш учун «Grant Thornton» мустақил халқаро баҳолаш компанияси жалб қилинган ва корхона акция пакетининг бозор қийматини баҳолаш бўйича ҳисобот тайёрланган.

Айни пайтда «UzAssets» томонидан, «Deloitte» кўмагида корхонанинг устав капиталидаги улушни сотиб олиш бўйича келиб тушган таклифлар корхона фаолияти таҳлили жараёнида белгилаб олинган асосий мезонларга ва тармоқни стратегик ривожлантириш мақсадларига мувофиқлигини ўрганиш якунланмоқда.

Маълумот ўрнида, «Қизилқумцемент» Навоий шаҳридан 8 километр, Тошкент–Бухоро темир йўл линиясидан эса 3 километр узоқликда жойлашган.

2020 йил Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган жами цементнинг 29,1 фоизи мазкур корхона ҳиссасига тўғри келган. Мавжуд қадоқлаш тармоғининг умумий қуввати йилига 750 минг тоннани ташкил этади.