«Мажмуада йилига 3,6 миллиард куб метр табиий газ қайта ишланади» — Шавкат Мирзиёев
Шавкат Мирзиёев «Uzbekistan GTL» заводи очилиш маросимининг расмий қисмида нутқ сўзламоқда. Бу ҳақда Хушнуд Худойбердиев хабар берди.

Қайд этилишича, Президент нутқи давомида мажмуанинг йиллик ишлаб чиқариш ҳажми ва эришиладиган натижалар тўғрисида маълумот берган.
«Мажмуада йилига 3,6 миллиард куб метр табиий газ қайта ишланиб, қиймати 1 миллиард доллардан зиёд бўлган 1,5 миллион тонна тайёр суюқ маҳсулотлар (авиакеросин, дизель ёқилғиси, нафта, суюлтирилган газ) тайёрланади.
Натижада йилига 500 миллион долларлик импорт ўрни қопланади, 200 миллион долларлик экспорт ва 2 триллион сўмлик солиқ тушумлари таъминланади», — деди давлат раҳбари.
Бунга асослар қуйидагича:
бу ерда чиқарилган авиакеросин бошқа заводларникига нисбатан жуда тоза ва сифатли, энг замонавий самолётларга мўлжаллангани учун, унга ҳамиша талаб юқори;
заводда чиқариладиган дизель ёқилғиси камида Евро-6 стандартларига жавоб беради, минтақамизда бундай тоза маҳсулот ишлаб чиқарадиган корхона умуман мавжуд эмас;
натижада Ўзбекистонда авиация хабларини ташкил қилиш ҳамда юк ташишда хизмат қиладиган йирик логистика компанияларини ривожлантириш мумкин», — дейди Президент.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Ғузор туманидаги «Uzbekistan GTL» заводи очилиш маросимида иштирок этиш учун ҳудудга етиб боргани ҳақида хабар берилганди. Президент очилишдан аввал мутасаддилар тақдимоти билан танишган.



