Шавкат Мирзиёев 24 декабрь куни «Давлат олий таълим муассасаларига молиявий мустақиллик бериш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Скрин: «Fledu.uz»

Қарорга кўра, 2022 йил 1 январдан бошлаб 35 та етакчи давлат олий таълим муассасаларига, жумладан, қуйидаги ваколатлар бўйича молиявий мустақиллик берилди:

  • таълим хизматлари бозоридаги талабни инобатга олган ҳолда тўлов-контракт асосида ўқитиш қийматини белгилаш;
  • талабаларнинг тўлов-контракт маблағларини тўлаш муддатларини белгилаш ва узайтириш;
  • ўз маблағлари ҳисобидан талабалар учун стипендия ва грантлар ажратиш.

Шунингдек, қарор билан молиявий мустақиллик берилаётган давлат олий таълим муассасаларида ташкил этиладиган кузатув кенгашларининг 10 та ваколати белгилаб берилди.

Молиявий мустақиллик берилган олий таълим муассасалари учун қуйидаги имтиёзлар берилади:

  • давлат олий таълим муассасалари Солиқ кодексига мувофиқ солиқ тўлашдан озод этилади;
  • молиявий мустақиллик берилаётган давлат олий таълим муассасаларига қонунчиликда олий таълим муассасалари учун назарда тутилган солиқ имтиёзлари татбиқ этилади;
  • молиявий мустақиллик берилаётган давлат олий таълим муассасаларига ижтимоий солиқнинг 12 фоиз миқдордаги ставкаси қўлланилади.

Тиббиёт олий таълим муассасаларига уларнинг клиникаларида моддий-техник базани мустаҳкамлаш, шунингдек, капитал ва жорий таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун ўзларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан зарур маблағлар сарфлашга рухсат берилди.

Скрин: «Edu.uz»

Шунингдек, Президентнинг «Давлат олий таълим муассасаларининг академик ва ташкилий-бошқарув мустақиллигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Унга кўра, молиявий мустақиллик берилган давлат олий таълим муассасаларига 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб академик ва ташкилий-бошқарув соҳалари бўйича қўшимча ваколатлар тақдим этилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ олий ва ўрта махсус таълим вазири буйруғи билан якуний давлат аттестациясидан ўта олмаган битирувчи талабаларга йилига 2 мартагача қайта топшириш имконияти берилиши маълум қилинганди.