Ўзбекистонда талаба ва ўқувчилар учун қишки таътил муддатининг бошланиши 25 декабрга кўчирилди. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум қилинишича, талаба ва ўқувчиларга қўшимча имконият ва қулайлик яратиш мақсадида, хусусан, талабаларни доимий яшаш жойларига бориш ва қайтиши учун ички темир йўл ва авиақатновларга чипталарни махсус 50 фоизли чегирма билан харид қилиш имтиёзи 25 декабрдан эътиборан қўлланиши белгиланди.

Шу муносабат билан олий ва ўрта махсус таълим вазирининг 25 декабрдаги 537-сонли буйруғига асосан, олий, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасалари талаба ва ўқувчилари учун қишки таътил муддатининг бошланиши ҳам 25 декабрга кўчирилди.

«Сизга қишки таътилни мазмунли ва мароқли ўтказишингизни тилаб қоламиз!» дейилади хабарда.

Аввалроқ талабалар учун қишки таътил 28 декабрь кунидан бошлаб белгиланганди. Шунингдек, мактаб ўқувчилари учун II чоракнинг сўнгги куни 27 декабрга тўғри келиб, 28 декабрь куни қишки таътилнинг илк куни саналади.