Охирги пайтда ўзбекистонликлар учун «блок», «чеклаш» ва шу каби тақиқни англатувчи сўзлар анча таниш бўлиб қолди. Эсингизда бўлса, июль ойининг биринчи кунларида Twitter ва TikTok платформалари Ўзбекистон ҳудудида блокланганди (албатта, VPN билан ушбу тармоқлар ҳечам ёдингиздан чиқмаган). Сабаб — Ўзбекистон Республикаси «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонунининг 27¹-моддаси талабларига зид равишда Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шахсга доир маълумотларига ишлов бериш. Ижрочи — Ўзбекистон Республикаси Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси — Ўзкомназорат.

Фото: «Bugun.uz»

«Bugun.uz»га етиб келган маълумотларга кўра, Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги — АОКА TikTok видеоплатформаси раҳбарияти билан 2020 йилдан бери музокаралар олиб бормоқда. Мақсад — платформадаги ноқонуний контентларни ўзбек сегментидан ўз вақтида фильтрлаб туришга келишиш.

АОКА 2020 йилнинг сентябрь ойидан бери TikTok платформасининг администрациясига деструктив ва ғайриқонуний аҳамиятга эга мингдан зиёд материални ўчиришни сўраб, 50 дан ортиқ расмий мурожаатнома юборган. 2021 йилнинг 14 декабрь ҳолатига кўра, 700 га яқин (юборилган сўровларнинг 67 фоизи) видеоматериал, аккаунт ўчирилган ва / ёки чекланган.

Агентлик юборган мурожаатларда энг кўпи диний экстремизм, терроризм ва фанатизм ғояларини ёйишга қаратилган материал ва аккаунтларни ўчириш сўралган. 350 дан зиёдроқ сўровдан 86 фоизи ўчирилган. Бундан кейинги энг кўп сўров ноодатий жинсий муносабатни тарғиб қилишга боғлиқ материалларни ўчиришга оид бўлган. Шундай турдаги 150 дан ошиқ видеоматериалларни ўчириш сўралган бўлса, улардан 50 га яқини  (25,5 фоиз) ўчирилган / блокланган. Бу эса ноқонуний материаллар ичида энг кам ўчирилган тури ҳисобланади.

АОКА, бундан ташқари, Марказий сайлов комиссияси билан биргаликда Президент сайловида TikTok билан ҳамкорлик қилган. Унда ушбу платформанинг мобил версиясида сайловга оид расмий маълумотлар жойлаштирилган ва МСК расмий сайтига олиб борувчи махсус бўлим ишга туширилган.

Ўзбекистонда TikTok блокдан ечилиб, Тошкентда унинг ваколатхонаси очиладими? Иккиси ҳам бўлиши мумкин.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги 2020 йилнинг 1 декабрь куни TikTok видеоплатформасига эга компания — «ByteDance» асосчиси ва директори Жан Имин номига Ўзбекистонда компаниянинг расмий ваколатхонасини очишни сўраб хат юборган.

Фото: «Bugun.uz»

Агентлик бундан бир ҳафта ўтиб, 8 декабрь куни компания вице-президенти, Европaдаги ҳукумат ва жамоатчилик билан алоқа бўлими директори доктор Тео Бертрамдан жавоб хати олган. Вице-президент унда Ўзбекистон томонининг муносабатини юқори эътироф этиб, келажакда Тошкентда ваколатхона очиш учун ўзбек аудиториясининг ўсиш динамикаси, интернет-инфраструктурасининг ривожланиши ва бизнес томонлама ўсиш потенциалини кузатишини маълум қилган.

Бизга етиб келган маълумотларга кўра, АОКА ва компаниянинг музокаларидан яхши натижалар бор. Агентлик музокалар ва суҳбатлар давомидаги келишувлар ва Ўзбекистоннинг сўз, интернет ва ОАВ эркинлиги бўйича рейтинглардаги ўрни тушиб кетмаслигини ҳисобга олиб, қуйидагиларни амалга ошириши мумкин:

  • TikTok видеоплатформасига очиқ ва чекловларсиз кириш имкониятини кўриб чиқиш;
  • компанияга Ўзбекистон қонунчилигига хилоф материалларнинг тарқалишидаги агентлик позициясини етказиш;
  • TikTok компанияси билан бирга давлат идоралари ходимлари, идораларнинг матбуот ходимлари ва қатор интернет фойдаланувчиларига рақамли саводхонликни ривожлантиришга қаратилган тренинг ва маърифий тадбирлар ўтказиш.

Шундай бўлса ҳам, афсуски, ҳозирда қатор ижтимоий тармоқларга қўйилган чекловлар сақланиб қолмоқда. Ўтказилган музокаралар ортидан, асосан, ёшларни қамраб олган платформа — TikTok очилса, булардан бири кетган бўлади. Шунда ҳам бошқа тармоқларнинг чекловлари ўз кучида, масалан, Twitter.

Фото: «Bugun.uz»

Бизнинг бошқа манбаларимизга кўра, соҳа масъуллари ҳам бундай блокларга қарши, бундай назорат йўли эскирганини жуда яхши тушунади. Улар ва улар раҳбарлик қилаётган ташкилотлар очиқ ва конструктив танқидга тайёр. Лекин ижтимоий тармоқларда очиқчасига ноқонуний чақириқлар (юқоридаги ҳолатлар бунга яққол мисол), қонун бузилишлари кузатилмоқда. Буларни бартараф қилиш, қарши курашиш йўллари устида ўйлаб, ижтимоий тармоқлар билан мулоқотга киришишяпти. Кўпчилик ижтимоий тармоқлар билан бу борада ҳамкорлик қилиш қийин бўляпти. TikTok билан музокаралар олиб борилди ва улар ҳамкорликка рози бўлди. Лекин бошқа платформалар бундай ҳамкорликка ҳали рози бўлганича йўқ. Агар улар ҳам рози бўлса, барча платформалар Ўзбекистон ҳудудида ҳеч қандай блок ва чекловларсиз ишлайди.

20 декабрь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Ёшлар форумида пойтахт ҳокими ва адлия вазири Русланбек Давлетов ушбу видеоплатформага қўйилган чекловлар ҳақида гапирди.

Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг сўларига кўра, TikTok’дан тўғри фойдаланилса, яъни керакли контент кўрилса, уни ҳеч қандай зарари йўқ. Унга тақиқ қўйганлар эса айнан ўша кераксиз контентни кўриб қолган.

«TikTok масаласи бўйича — бу битта платформада контентлар ҳар хил. Ҳамма ўзига керакли контентни олиб қарайди. Лекин, минг афсуски, тақиқни қўйган одамлар кераксиз контентга кирганлиги кўриниб турибди. Агар керакли контентларга кирганда ҳеч қандай платформанинг зарари йўқ деб ўйлайман», — деган пойтахт ҳокими.

Форумда, шунингдек, адлия вазири Русланбек Давлетов ҳам ёшлар билан мулоқот қилиб, ижтимоий тармоқлар, хусусан, TikTok ва Twitter блокланишига оид саволларга жавоб берган. Вазир ҳам ҳоким билан деярли бир хил фикрда.

«Чекловлар кўпайиб кетди дегани чекловлар бўлиши керак эмас деганини англатмайди. У ҳар доим мақбул даражада, ўзининг соҳасига қараб, қонундаги контекстдан келиб чиқиб бўлиши керак. Ижтимоий тармоққа келадиган бўлсак, мен ахборот алмашинуви эркинлиги тарафдориман. Бугунги асрда ахборотни ҳеч қачон чеклаб, сиз уни устига ўтириб, жиловлай олмайсиз», — деди у.

Бундан хулоса қилиш мумкинки, ҳукуматдагиларнинг аксарияти бундай тақиқларга тоқатсиз. Улардан ҳеч қандай маъно кўрмайди, фақат чет эллик компаниялар билан ҳамкорликда ишлашни хоҳлайди. Уларнинг чақирувига жавоб берган платформаларнинг ишлашида муаммо йўқ, TikTok ҳам энди улар қаторида бўлишга яқин. АОКАнинг бу борада саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш керак, улар ҳам қонунда ёзилгани бўйича ва хавфсизлик нуқтаи назаридан бундай чоралар кўрмоқда. Энди фойдаланувчилардан икки томоннинг якуний хулосаси ва келишувини кутиш қолди, холос.