Шавкат Мирзиёев 25 декабрь куни Ғузор туманидаги «Uzbekistan GTL» заводи очилиш маросимида иштирок этиш учун ҳудудга етиб борди. Журналист Азиза Қурбонованинг маълум қилишича, Президент очилишдан аввал мутасаддилар тақдимоти билан танишди.

Фото: Telegram / @qurbonova_a

Қайд этилишича, завод 2022 йил 1 март кунидан бошлаб тўлиқ қувват билан ишлайди.

«Ҳар бир кон — бу Худонинг бизга берган марҳамати, неъмати, имконияти. Бу имкониятдан фойдаланганда Худодан қўрқиб, бандасидан уялиб, пок бўлиб иш олиб борилса, илм ва инновация бирлаштирилса, натижа кутилганидан ҳам зиёд бўлади. Бу мажмуа салоҳияти кўзланганидан 2–3 баравар кўпроқ. АҚШ, Канада, Россиядан ҳамкорлар келяпти бизга. Улар потенциални юқори баҳолаяпти, ишоняпти. Ҳамкорлар билан инновацион технология бўйича иш олиб боришимиз зарур.

Менга февраль ойида тақдимот қиласизлар (мутасаддиларга қарата). Кафолатланган хом ашё керак бу мажмуага. Худо хоҳласа, 2022 йил 1 март куни мажмуа тўлиқ режимга ўтади. Ҳар бир кун ғанимат. Биз халқ манфаати учун ҳар бир кунни ғанимат билиб, ишлашимиз, тезроқ тўлиқ қувват иш режимига ўтишимиз керак», — дейди Президент.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев тақдимотга киришдан аввал 5–7 дақиқа кўчада суҳбат қурган. Давлат раҳбари тақдимотга кириши билан «Аёлларимиз, журналистларимиз кўчада қолишмасин. Иссиққа киришсин», — дея таъкидлаган.