Тошкент туманида 24 декабрь куни «кўча солиқчилари» Чимкент йўлини тўсиб, жанжал қилгани айтилган видеохабар тарқалди. Мазкур ҳолат туман ички ишлар бўлими тезкор ходимлари томонидан ўрганилиб, кўрилган чоралар натижасида гумонланувчилар ушланди, деб хабар бермоқда вилоят Ички ишлар бош бошқармаси.

Кадр: Telegram

Маълум бўлишича, 24 декабрь куни 20–33 ёш орасидаги уч нафар шахс (соат тахминан 01:30) Тошкент тумани Чимкент йўли кўчасида жойлашган озиқ-овқат дўконига харид учун кирган. Улар дўконга кирганда туманнинг Сирғали маҳалласида яшовчи 25–31 ёш орасидаги 3 йигит билан ўзаро навбат талашиб, жанжаллашиб қолган. Улар дўкондан чиққач, аҳоли тинчлигини бузиб, йўлнинг қатнов қисмида бир-бирларини автотранспорт воситаларини сиқиб тўхтатиб, жанжални давом эттирган.

Мазкур ҳолатда юзасидан Тошкент туман ИИБ ТБ томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси (Безорилик) 3-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, жанжалда иштирок этган олти нафар шахс ушланган. Жанжал вақтида икки ҳайдовчидан бошқа шахслар мастлик ҳолатида бўлган. Ҳозирда ҳолат юзасидан қўшимча суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Қашқадарёда сотувчилар мижоз талашиб муштлашгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Наманганда 3 йигит мева нархи бўйича келишолмай жанжаллашган.