Тошкент шаҳрида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича рейтинг баҳолаш якунларига кўра, 3 та туман ҳокими жазоланиб, яна 3 туман ҳокими мукофотланди.

Фото: «Bugun.uz»

Шаҳарда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни рейтинг баҳолаш натижаларига мувофиқ, «яхши» баҳоланган Миробод тумани (Шуҳрат Пулатов), Бектемир тумани (Тапил Махамадзияев) ва Янгиҳаёт тумани (Ҳаёт Иногамов) ҳокимлари, уларнинг ўринбосарлари ҳамда сектор раҳбарлари маошига 30 фоиз устамалар тегишли маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манба маблағлари ҳисобидан белгиланган.

Шунингдек, шаҳарда «қониқарсиз» баҳоланган Шайхонтоҳур тумани (Абдуқаҳҳор Тўхтаев), Учтепа тумани (Фарҳод Абдуллаев) ва Сергели тумани (Элбек Шукуров) ҳокимлари, уларнинг ўринбосарлари ҳамда сектор раҳбарларига нисбатан Меҳнат кодексининг 181-моддаси 2-бандига мувофиқ ойлик иш ҳақидан 30 фоиз жарима жазоси қўлланилган.

Маълумот учун, жараён «Ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари»га бағишланган кенгайтирилган видеоселектор йиғилишида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни рейтинг баҳолаш юзасидан берилган топшириққа мувофиқ ҳамда ҳудудларда қилинаётган меҳнат муносабатларини муносиб тақдирлаш, юқори самарадорлик кўрсаткичларига эга бўлган раҳбарларни моддий рағбатлантириш мақсадида ҳамда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги хатига мувофиқ амалга оширилган.

Аввалроқ Сергели тумани ҳокими Элбек Шукуров меҳнатда ташаббускорлигини рағбатлантириш мақсадида ўзига ўзи 35 миллион сўм устама пули белгилаганди.