«Толибон» ҳаракати такси ҳайдовчилари учун янги қоидалар жорий этди

«Толибон» ҳаракати такси ҳайдовчилари учун янги қоидалар жорий этгани маълум қилинди. Бу ҳақда «Sputnik Афғонистон» хабар берди.

Фото: «CGTN»

Маълум қилинишича, ушбу тақиқлар ҳаракатнинг Исталган нарсаларни тарғиб қилиш ва эътирозли нарсаларни тақиқлаш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган. Унга кўра, автомобилларда мусиқа эшитиш, ҳижоб ўрамаган аёлларни машинага ўтқазиш, аёлларни маҳрамсиз 72 километрдан ортиқ масофага олиб бориш, шунингдек, маст ҳолатда бошқариш тақиқланган.

«Такси ҳайдовчилари намоз вақтида машинани махсус жойларга қўйиши, бундан ташқари, эркакларни соқолларини ўстириши кераклигига ишонтириши керак», дейилади хабарда.

Маълумот ўрнида, «Толибон» ҳаракати Афғонистоннинг Жузжон вилоятида қимор, маҳр, қўшиқ ва гиёҳванд моддаларни тақиқлаганди. Маълум қилинишича, ушбу қарор маҳаллий ҳукумат томонидан тасдиқланган бошқа амалларни тарғиб қилиш учун уламолар, хатиблар, оқсоқоллар ва ёшлар вакиллари билан келишилган ҳолда қабул қилинган. Маҳаллий бўлим бошлиғи Мавлавий Холиднинг айтишича, қарор аҳолининг исломий масалалар бўйича билимини оширишга хизмат қилади.

Аввалроқ «Толибон» ҳаракати аҳолига яна бир тақиқ қўйгани ва ҳаракат Ғазни вилояти радиосида аёлларнинг ишлашини тақиқлагани маълум қилинган.

Кўп ўқилган

Бошқа лойиҳаларимиз