Россия–NATO кенгаши йиғилиши қачон бўлиб ўтиши маълум қилинди
Шу куни NATO’га аъзо давлатлар бош штаблари раҳбарларининг йиғилиши ҳам бўлиб ўтиши режалаштирилган
Россия—NATO кенгашининг йиғилиши 2022 йил 12 январь куни бўлиб ўтиши мумкинлиги маълум қилинди. Бу ҳақда Шимолий Атлантика альянсидаги манбаларига таяниб, «Anadolu» агентлиги хабар берди.

Манбаларнинг сўзларига кўра, бу санани ташкилотнинг бош котиби, айни пайтда кенгаш раиси бўлган Йенс Столтенберг белгилаган. «Биз бу борада Россия билан алоқадамиз», — деган манба.
Агентликнинг таъкидлашича, шу куни NATO’га аъзо давлатлар Бош штаб бошлиқларининг Брюсселда учрашуви бўлиб ўтиши ҳам режалаштирилган.
Таъкидланишича, Россия ўтган ҳафта АҚШ билан шартнома ва NATO’га аъзо давлатлар билан келишувлар лойиҳасини эълон қилган. Ҳужжатлар, хусусан, Европада ўзаро хавфсизлик кафолатлари, ўрта ва қисқа масофага учувчи ракеталарни бир-бирига яқин бўлган ҳудудга жойлаштирмаслик ва NATO’ни, шу жумладан, собиқ иттифоқ республикалари ҳисобидан янада кенгайтиришдан бош тортиш тўғрисидаги қоидаларни ўз ичига олади.
Аввалроқ NATO бош котиби Йенс Столтенберг ташкилотнинг Россия билан мулоқотга киришиш шартларини маълум қилганди. Шунингдек, NATO’нинг тезкор ҳаракат кучлари юқори тайёрлик ҳолатига ўтказилгани хабар берилганди.