Туркманистон пойтахти Ашхободда 2022 йил январь ойида президент Гурбангули Бердимуҳамедовнинг бобоси Бердимуҳамед Аннаев номидаги 1-ихтисослаштирилган ҳарбий билим юрти қурилиши бошланади. Бу ҳақда «Хроника Туркменистана» хабар берди.

Фото: «Time News»

Маълум қилинишича, 700 ўринли мактаб Сапармурат Туркманбоши ва Отамурат Ниёзов шоҳ кўчалари чорраҳасида қурилади. Қурилиш ишлари Туркия компанияси томонидан амалга оширилади. Унинг очилиши 2024 йилнинг августига режалаштирилган.

Таъкидланишича, ҳозирги қурилиш майдончасида илгари кўп қаватли турар жой бинолари жойлашган бўлган. Уларнинг бузилиш ишлари 2021 йил январь ойида бошланган. Июль ойида Гурбангули Бердимуҳамедовга Ашхободда янги иншоотлар, жумладан, ушбу мактаб қурилиши лойиҳалари кўрсатилган.

Шу ҳафта бошида эса бўлажак мактаб ёнидаги камида тўрт қаватли турар жой биноларини бузиш ишлари бошланган. Хабарларга кўра, уларнинг ўрнига шаҳар хизматлари учун янги бино қурилади.

Аввалроқ Туркманистонда Бердимуҳамедовнинг янги шеърига бағишланган махсус анжуман бўлиб ўтганди. Шунингдек, мамлакатда почта конвертларига манзилни рус тилида ёзиш тақиқланганди.