Миллиметр тўлқинлари деб номланувчи махсус нурланиш тури икки сония ичида ҳар қандай юзадан коронавирус ва полиовирусларнинг 99 фоизини йўқ қилиши мумкинлиги аниқланди. Бу ҳақда Ариэль университети (Исроил) олимларига таяниб, «The Jerusalem Post» хабар берди.

Фото: «The Times of Israel»

Университетнинг электротехника кафедраси профессори Моше Эйнатнинг сўзларига кўра, лаборатория тадқиқоти давомида электромагнит нурланиш манбаларига эътибор қаратилган.

«Бу турдаги нурланиш миллиметрли тўлқинларда ишлайди, бундай пайтда тўлқин узунлиги тахминан уч миллиметрга тенг бўлади. Таққослаш учун, мобил телефондан келадиган радиация тўлқин узунлиги тахминан 30 сантиметрга, микротўлқинли печдан келадиган радиация тўлқини узунлиги эса 12 сантиметрга тенгдир», — дейди у.

Таъкидланишича, ҳозирча бу усулдан организмдаги вирусни йўқ қилишда фойдаланиб бўлмайди. Лекин у хоналар, ускуналар, шунингдек, вирус ва коронавирусдан тозаланиши керак бўлган ҳар қандай сирт учун жуда фойдали бўлиши мумкин.

Тадқиқотда иштирок этган молекуляр биолог Габи Герлицнинг айтишича, миллиметр тўлқинларининг катта афзаллиги шундаки, улар юзаларни жуда тез дезинфекциялай олади. «Ҳозирда бу мақсадда қўлланилаётган бошқа усуллар, масалан, ультрабинафша нурланиш бир неча дақиқа, баъзан бир соат вақтни олади ва бундан ташқари, улар одамлар учун заҳарли бўлиб, дезинфекция жараёнини амалий бўлмаган ҳолга келтиради. Янги усул ёрдамида эса икки сония ичида вируснинг деярли 99,9 фоизини йўқ қилдик», — дейди у.

Таъкидланишича, келажакда тадқиқотчилар сувни зарарсизлантириш учун ушбу усулдан фойдаланишга эътибор қаратмоқчи.

Аввалроқ коронавирусга қарши вакциналар самарадорлигини ошириш усули аниқланганди. Шунингдек, коронавирусга қарши ишлаб чиқилган янги усул вакцинаси қандай ишлаши хабар берилганди.