Бир қатор беморлар коронавирусдан тузалганидан кейин бир неча ой ўтиб ўлиш хавфи остида бўлиши мумкинлиги маълум қилинди. Бу ҳақда россиялик иммунолог, тиббиёт фанлари номзоди Николай Крючковга таяниб, «Известия» хабар берди.

Фото: «BCC»

Унинг сўзларига кўра, бундай одамлар гуруҳига кексалар, сурункали касалликларга чалинганлар, шунингдек, коронавирусни оғир ўтказганлар киради.

Шифокорнинг таъкидлашича, ушбу тоифадаги одамларда тузалгандан кейин ҳам заифлик, юрак, мия фаолияти, асаб тизими бузилиши каби коронавирус аломатлари сақланиб қолиши мумкин.

«Организм бундай юкни кўтара олмай қолади, айниқса, касаллик пайтида одам интенсив даволанишдан ўтмаган бўлса. Оқибатда уч-тўрт ой ўтади ва одам ўлади. Ёки инсульт, ёки оғир юрак хуружидан», — дейди Крючков.

Аввалроқ россиялик шифокор ковиддан тузалганларда кузатиладиган хавфли аломатдан огоҳлантирганди. Шунингдек, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)нинг Европа бюроси директори Ханс Клюге келаётган қишда коронавирус туфайли ўлим кўрсаткичи ошишидан огоҳлантиргани хабар берилганди.