Совуқ ҳавода коронавирусга қарши ниқоб тақиш фойдасизми?

Совуқ ҳавода тиббий ниқоб тақиш коронавирус тарқалишига қарши курашда фойдасиз бўлиши маълум қилинди. Бу ҳақда «RT» хабар берди.

Фото: «РИА Новости»

Бу бўйича маълумотни россиялик иммунолог, ўта хавфли инфекциялар бўйича мутахассис Владислав Жемчугов очиқлаган.

«Ниқоб нам бўлиши билан уни алмаштиринг. Кўчада, масалан, ҳозирда уни тақишнинг маъноси йўқ, чунки совуқ. Иссиқда эса албатта, ниқобни ўзгартириш керак», — деган у.

Бундан ташқари, мутахассис саёҳатга чиқаётганларга кетиш арафасида эмас, балки ундан бир неча кун олдин SARS-CоV-2’га қарши эмланишни маслаҳат берган.

Маълумот ўрнида, Жорж Вашингтон университетининг соғлиқни сақлаш сиёсати ва менежменти профессори Лиана Вэнь коронавируснинг «омикрон» штамидан ҳимояланишда мато ниқоблар деярли фойдасиз экани маълум қилганди.

Унинг сўзларига кўра, айни пайтда мутахассислар кўп одамлар тўпланадиган жойда «N95» синфидаги ниқоблар ва респираторлардан фойдаланишни маслаҳат беради, чунки унинг фикрича, бундай ҳимоя воситалари кичик заррачаларнинг бурун йўлларига киришига тўсқинлик қилади.

«Мато ниқоблар безакдан бошқа нарса эмас. ‘Омикронʼ штамида эса улар умуман фойдасиз», — дейди Вэнь. Мутахассиснинг маслаҳат беришича, уч қатламли жарроҳлик ниқобини таққан маъқулроқ. «Сиз жарроҳлик ниқоби остидангина мато ниқобни тақишингиз мумкин, аммо унинг бир ўзини эмас», — дейди у.

Аввалроқ ЖССТ антитаначалар коронавируснинг қайси штамига самарасиз эканини айтганди. Шунингдек, организмдаги юқори антитаначалар кўрсаткичи коронавирусга қайта чалинишдан ҳимоя қилмаслиги аниқланганди.

Кўп ўқилган

Бошқа лойиҳаларимиз