Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларини боғловчи Тахтақорача довони тинимсиз қор ёғиши сабаб 26 декабрь куни ёпилди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати

Маълум бўлишича, соат 11:00 дан Қашқадарёнинг Китоб туманидан ўтган М-39 автомобиль йўлининг Тахтақорача довони автомобиллар ҳаракати учун вақтинча ёпилди. Бунинг асосий сабаби тинимсиз ёққан қор оқибатида йўлнинг юза қисмида музламалар ҳосил бўлгани этиб кўрсатилган.

Айни дақиқаларда тегишли ташкилотларнинг мутахассислари томонидан вазият оқибатларини бартараф этиш борасида кенг кўламли профилактик ишлар амалга оширилмоқда.

Аввалроқ «Ўзгидромет» Қамчиқ довонида қор ёғиши, кўринувчанлик 50 метргача чекланиши юзасидан йўл ҳаракати иштирокчиларини огоҳлантирганди.