19:27 | 26.12.21 46

Андижонда ҳоким ёрдамчилари формаси учун 855 миллион сўм ажратилди

Шунингдек, йил сўнгида бюджет захира маблағидан 970 миллион сўм тиббиётга ажратилди

Андижон вилояти Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармасига ҳоким ёрдамчиларининг униформаси учун 855 миллион сўм ажратилди, деб хабар бермоқда «Bugun.uz» мухбири.

Фото: Telegram / @hokimqarori

Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов 24 декабрь куни имзолаган фармойишга биноан, вилоят маҳаллий бюджети даромадлар режасининг 2021 йил 3-чорак якуни бўйича орттириб бажарилган қисми ҳисобидан ҳоким ёрадамчилари формаси учун 855 миллион сўм, шунингдек, вилоят ҳокимлиги ишлар бошқармасига вилоят ҳокимлиги моддий техника базасини мустаҳкамлаш учун 130 миллион сўм ажратилди.

Фармойишда формалар тайёрлаб берувчи компания ёхуд вилоятда меҳнат шартномаси тузилган ҳоким ёрдамчилари сони кўрсатилмаган.

Бундан ташқари, вилоят ҳокими ўз қарори билан маҳаллий бюджетнинг захира жамғармаси маблағлари ҳисобидан вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказига 970 миллион 500 минг сўм ажратган. Қарорда пулнинг сарфланиш мақсади кўрсатилмаган.