Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг ҳафта давомидаги энг сара ва муҳим хабарлари тўпланган ҳафталик дайжести.

«UzAuto Motors»: 2022 йилнинг февралигача 4 та машинани сотмайди, орқа ойна иситиш тизимини текшириш мақсадида «Nexia», «Cobalt», «Lacetti» машиналарини қайтариб олади.

Ўзбекистондаги ягона машина ишлаб чиқарувчи «UzAuto Motors» юқорида қайд этилган машиналарни сотиш бўйича янги аризаларни қабул қилишни 20 декабрдан 1 февралгача тўхтатди. Сабаб — логистика муаммолари ва яримўтказгич етишмовчилиги.

Фото: «UzAuto Motors»

Компания ушбу давр мобайнида барча куч-ғайратини (ўзи бормикан у?) олдиндан буюртма қилинган автомобилларни ишлаб чиқаришга қаратади. Шунингдек, вақтинчалик янги автомобилга буюртма бера олмаган потенциал (ва мажбурий, албатта) харидорлардан «чин дилдан» узр сўраган. Нима ҳам дердик, ўрганиб кетаркан одам.

Компания орқа ойна иситиш тизимини текшириш мақсадида «Nexia», «Cobalt», «Lacetti» машиналарини қайтариб олишини эълон қилди. Унинг харидорлари эса, кўпчиликка маълумки, машинаси чиқиши биланоқ устахонага боради.

«UzAuto Motors» сифат талабларидан келиб чиқиб (Наҳотки? — ўринли савол), 5–17 декабрда ишлаб чиқарилган «Nexia», «Cobalt», «Lacetti» автомобилларини чақириб олиш дастурини эълон қилган. 20 декабрдан бошлаб айнан ушбу 3 та машинанинг сотувини кейинги йилнинг февралигача тўхтатган компаниянинг 5–17 декабрда ишлаб чиқарган машиналарининг орқа ойна иситиш тизимида муаммо чиққан.

Ҳурматли ягона автомобилсознинг харидорлари, агарда ушбу санада чиққан машинангизни устахонага обориб, тузатиб бўлмаган бўлсангиз, компания сервис марказларига боринг, тузатиб беришади (шекилли).

Фарғона вилояти ҳокими амалдорларнинг ҳар бир озган килоси учун 500 минг сўмдан пул бермоқчи. Бу пулларнинг манбаси, катта эҳтимол билан, бюджет бўлади.

Фарғона вилоятида ортиқча вазнга эга амалдорлар ва оддий фуқаролар озса, уларга ҳар бир озган килосига 500 минг сўмдан пул берилади. Бу ҳақда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров 20 декабрь куни бўлиб ўтган сессияда айтиб ўтди.

Фото: «Bugun.uz»

Хайрулло Бозоровнинг сўзларига кўра, бу тўлов ва тизим бўйича низом ишлаб чиқилмоқда. Бу учун жойлардаги поликлиникаларда рўйхатдан ўтиш керак бўлади.

«Агар бир амалдор 1 килога озса, ҳар озган килосига 500 мингдан олади. 5 килограмга озса, 2,5 миллион олади дегани. Бу учун жойлардаги поликлиникаларга боради ва рўйхатдан ўтади. Ва кунора килосини ўлчатиб туради. Ушбу қоида оддий халқ вакилларига ҳам қўлланилади. Улар ҳам бирдек ушбу суммаларни олади, — дея таъкидлаган вилоят ҳокими ўз мурожаатномасида.

Карикатура: Bugun.uz / Ҳабибулло Мўйдинов

Бозоров ушбу пуллар қаердан олиниши бўйича гапирмаган. Низом ишлаб чиқилса, кўрамиз. Балки халқнинг пулидан (яъни, давлат бюджетидан) олинар, балки ҳомий топилар (лекин бунинг эҳтимоли жуда паст).

Яна бир ҳоким пул бермоқчи. Бу сафар ажрашиш кузатилмаган маҳаллалар раисларига.

Қашқадарё ҳокими ажрашиш кузатилмаган маҳаллалар раисларига 10 миллион сўмгача пул берилиши ва энг яхши санаторийларга юборилишини айтди.

Қашқадарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Мурод Азимов ажрашишларга йўл қўймаган маҳалла раисларига йил охирида 5 миллион сўмдан 10 миллион сўмгача мукофот пули берилишини маълум қилди.

Ҳоким 20 декабрь куни ўтказилган вилоят сессиясида бу таклифни илгари сурган ва масъуллар ҳам унинг фикрини қўллаб-қувватлашини айтган.

«Бирорта маҳаллада ажрим бўлмаса, раисларга 10 миллион сўмгача пул мукофоти берамиз ва республикадаги энг яхши санаторийларга бориб, дам олиб келиши учун йўлланма ажратамиз» — дейди у.

Ушбу тизим қачондан ва қай тартибда ишга тушиши маълум эмас. Мурод Азимовнинг лавозимидан ҳали «вазифасини бажарувчи» қўшимчаси олиб ташлангани ҳам йўқ.

Карикатура: Bugun.uz / Ҳабибулло Мўйдинов

Сирдарё вилояти ҳокими Ғофур Мирзаев Осиё тараққиёт банки томонидан ажратилган пуллар ўзлаштирилгани ҳақида гапирганди. «Ўзсувтаъминот» ҳокимнинг айбловини рад этди.

«Ўзсувтаъминот» АЖ Ховос туманига сув таъминоти учун ажратилган 7 миллион доллардан ортиқ маблағ талон-торож қилинганини инкор этди.

Фото: ЎзА

Ушбу маблағлар талон-торож қилинмай, пудратчи томонидан лойиҳада кўзда тутилган барча ишлар бажарилган, деб баёнот тарқатди «Ўзсувтаъминот» АЖ. Компания вилоят ҳокимининг танқидий чиқишига муносабат билдириб, унинг гапида хатолик бўлганига урғу берган.

Лойиҳа, хабарда айтилганидек, Осиё тараққиёт банки эмас, балки Жаҳон банки иштирокида амалга оширилган бўлиб, бунда Жаҳон банки томонидан 6 миллион 250 минг доллар, Ўзбекистон томонидан эса 1 миллион 60 минг доллар ажратилган. Хусусан, пудратчи томонидан субпудратчи ‘Мега-Мебико’ қўшма корхонаси билан биргаликда ‘Сергели’ сув иншоотидан Ховос туманининг ‘Оқчангал’ аҳоли яшаш пунктигача 28 километр масофага диаметри 700 миллиметр бўлган шиша толали қувурлар ётқизилиб, қурилиш-монтаж ишлари 2019 йилнинг июнь ойида тугатилди», дейилади «Ўзсувтаъминот» баёнотида.

Карикатура: Bugun.uz / Ҳабибулло Мўйдинов

Хуллас, воқеа жуда чалкаш. У ҳақда батафсил ушбу мақолада ўқишингиз мумкин. Ундан олдин ушбу воқеага аталган карикатурани кўринг.

Туркия меҳмонхоналари миллий валюта қадрсизланиши фонида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Африкадан ишчи кучи олиб кетмоқчи.

Фото: «РИА Новости»

Туркия меҳмонхоналари Ўзбекистон, Қирғизистон ҳамда Африкадан ишчи кучи олиб кетмоқчилиги айтилди. Коронавирус пандемияси ва миллий валютанинг қадрсизланиши туфайли турк меҳмонхоналари дуч келган туризм соҳасидаги жиддий кадрлар етишмовчилиги хизмат кўрсатиш даражасига ва, умуман, меҳмонхона бизнесига жиддий салбий таъсир кўрсатган. Маҳаллий аҳоли «текинга» ишлашни истамагани учун йирик меҳмонхона брендлари, ҳеч бўлмаганда, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Африкадан ишчи кучини олиб кириш орқали кадрлар тақчиллигини қоплашга қарор қилган.

Унинг айтишича, меҳмонхоналарда 7 ой кетма-кет ишлаган ходимлар кейинги 5 ой ишсиз ва пулсиз қолади. Муносиб маошнинг йўқлиги ҳам ишчиларнинг туризм соҳасида ишлашдан умумий бош тортишига сабаб бўлмоқда. Мутахассисларнинг фикрига кўра, Туркияда пандемия даврида туризм ходимлари жуда кам маош ола бошлаган, шунинг учун ҳам четга чиқиб кетган.

Карикатура: Bugun.uz / Ҳабибулло Мўйдинов

Телеканалларда реклама жойлаштиришга ажратилган вақт бир бараварга кўпайтирилади.

Телерадио ташкилотлари учун реклама жойлаштиришга ажратилган вақт ҳар бир соатига амалдаги 10 фоиздан 20 фоизга узайтирилиши кутилмоқда. Амалдаги тартиб билан телерадио ташкилотлар эфир учун соатига 6 дақиқадан реклама бераётган бўлса, энди 12 дақиқагача бериши мумкин.

Фото: «Deposit Photos»

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Реклама тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси 2-ўқишда кўриб чиқилди. Медиа ташкилотларда эфир вақтида реклама жойлаштириш учун ажратилган оралиқни кўпайтириш айнан шу лойиҳада назарда тутилган.

Шунингдек, ноаниқликларга олиб келган «ахлоқсиз реклама», «уйғунлаштирилган реклама», «хомийлик рекламаси» каби айрим тушунчаларга аниқлик киритилмоқда ва янги тушунчалар қўшилмоқда.

Карикатура: «Bugun.uz» / Ҳабибулло Мўйдинов

Ўзбекистонда TikTok блокдан чиқарилиши мумкин. АОКА бу бўйича компания раҳбарияти билан гаплашиб олган.

«Bugun.uz»га етиб келган маълумотларга кўра, Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги — АОКА TikTok видеоплатформаси раҳбарияти билан 2020 йилдан бери музокаралар олиб бормоқда. Мақсад — платформадаги ноқонуний контентларни ўзбек сегментидан ўз вақтида фильтрлаб туришга келишиш.

Фото: «Bugun.uz»

Биздаги маълумотларга кўра, АОКА ва компаниянинг музокаларидан яхши натижалар бор. Агентлик музокалар ва суҳбатлар давомидаги келишувлар ва Ўзбекистоннинг сўз, интернет ва ОАВ эркинлиги бўйича рейтинглардаги ўрни тушиб кетмаслигини ҳисобга олиб, қуйидагиларни амалга ошириши мумкин:

  • TikTok видеоплатформасига очиқ ва чекловларсиз кириш имкониятини кўриб чиқиш;
  • компанияга Ўзбекистон қонунчилигига хилоф материалларнинг тарқалишидаги агентлик позициясини етказиш;
  • TikTok компанияси билан бирга давлат идоралари ходимлари, идораларнинг матбуот ходимлари ва қатор интернет фойдаланувчиларига рақамли саводхонликни ривожлантиришга қаратилган тренинг ва маърифий тадбирлар ўтказиш.

Колумнистимиз Ҳабибулло Мўйдинов блокдан чиқарилиши мумкин бўлган TikTok, чекланганича қолаётган Twitter’га атаб карикатура чизди.

Карикатура: «Bugun.uz» / Ҳабибулло Мўйдинов

Сиз учун ҳафта давомида тўплаган хабарларимиз шулардан иборат эди. Айтганча, бугун ёққан қорни еб қўйманг, Янги йилга олиб қўйиш керак.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.