ИШИД Кобулда уюштирилган теракт учун жавобгарликни ўз зиммасига олди

ИШИД Кобулдаги паспорт бўлимига уюштирилган теракт учун жавобгарликни ўз зиммасига олди. Бу ҳақда «Sputnik Афғонистон» хабар берди.

Фото: «Business Insider»

Маълумотларга кўра, 25 декабрь куни террорчилик гуруҳи теракт учун жавобгарликни ўз зиммасига олиши ҳақида тегишли баёнот билан чиққан.

«Толибон» ҳаракати хабарига қараганда, 23 декабрь куни ҳаракат аъзолари паспорт бўлимига тўпланган пайтда худкуш террорчи у ерга киришга ҳаракат қилган. Аммо ҳаракат азъолари томонидан аниқланиб, йўқ қилинган. Қайд этилишича, ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган.

Маълумот ўрнида, Афғонистоннинг Қандаҳор вилоятида 15 октябрь куни Биби-Фотима шиалар масжидида портлаш содир бўлгани маълум қилинганди. Теракт учун жавобгарликни ИШИД террорчилик ташкилоти ўз зиммасига олганди. ИШИД баёнотига кўра, уларнинг икки худкуш террорчиси масжидга бостириб кириб, соқчиларни ўққа тутган ва намозга йиғилганлар орасида портловчи мосламани ишга туширган. Ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар сони 63 кишига ва жароҳатланганлар сони 83 кишига етган.

Ўз навбатида, Ўзбекистон ТИВ Афғонистондаги масжид портлатилганига муносабат билдириб, терактни кескин қоралаган.

«Бундай ғайриинсоний ҳужумлар вазиятнинг янада кескинлашувига олиб келади ва Афғонистонда узоқ муддатли тинчлик ўрнатилишига тўсқинлик қилади. Афғонистон ҳукуматининг мамлакатда бу каби ҳодисаларнинг олдини олиш учун қўшимча чоралар кўриш ҳаракатларини олқишлаймиз», дейилади хабарда.

Шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига таъзия билдириб, жароҳатланганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилаган.

Аввалроқ Кобулда кучли портлаш содир бўлганди. Шунингдек, Афғонистон пойтахтида теракт юз берган ва АҚШ Кобулдаги терактдан сўнг ИШИДга қарши биринчи ҳаво ҳужумини уюштирган.

Кўп ўқилган

Бошқа лойиҳаларимиз