Англиядаги Ньюкасл университети олимлари коронавирусни дастлабки босқичда даволашга имкон берувчи маълумотни аниқлади. Бу ҳақда «Nature» нашри хабар берди.

Фото: «Sky News»

Маълум қилинишича, олимлар гуруҳи иммунитет тизими коронавирусга қарши курашни бурундан бошлашини аниқлаган. Таъкидланишича, айнан бурун инфекциянинг танага кириши учун энг қулай аъзо ҳисонланади.

Мутахассисларнинг фикрича, бурундаги ҳужайралар турли инфекцияларга, жумладан, коронавирусга нисбатан ҳам жуда заиф ҳисобланади. Касалликни юқтириб олганидан сўнг улар кўпроқ вирусли моддаларни ўзида тўплайди ва акса урган пайтда атрофга тарқатади.

Тадқиқотга раҳбарлик қилган доктор Кристофер Дунканнинг сўзларига кўра, натижалар коронавирусни касалликнинг дастлабки босқичида даволашда ёрдам бериши мумкин. Чунки айнан «бурундаги жанг»нинг натижаси беморнинг касаллиги қандай давом этишини кўрсатади.

«Бурундаги коронавирусга қарши иммунитет бошқа респиратор инфекцияларга қараганда кучлироқ», — дейди Дункан.

Аввалроқ канадалик олимлар коронавирусга қарши самарали ҳимоя воситасини топганди. Шунингдек, ковиднинг оғир шаклидан ҳимоя қила оладиган яна бир табиий дори маълум қилинганди.