«UzAutoMotors» ва «UzAutoMotors Powertrain» заводларига раҳбар этиб тайинланган швециялик мутахассис Бу Андерссон ҳақида нима биламиз? Унинг профессионал фаолияти қандай бошланган ва Ўзбекистонга қадар қаерда ишлаган? Ушбу мақолада бу ҳақда танишиб чиқасиз.

Фото: «Ростех»

Бу Андерссон Россияда «АвтоВАЗ» тарихида иш тартибни тубдан ўзгартирган, корхонадан 19 минг ходимни (бу ўша пайтдаги ходимларнинг 28 фоизини ташкил этган) бирдан ишдан бўшатган қаттиққўл топ-менежер сифатида эсга олинади. У шунингдек, 2015 йил охирида компанияни рекорд даражада — 74 миллиард рубль миқдоридаги йўқотишларга олиб келган. Бироқ, шунга қарамай, Андерссон янги моделларни ишлаб чиқиш жараёнини тубдан тезлаштирди. «Vesta» ва «Xray» оилаларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйди ҳамда сифат жиҳатидан ишлаб чиқаришда янги натижаларга эришди — Андерссоннинг «АвтоВАЗ»даги иш даври охирига келиб, автомобилларнинг 88 фоизи конвейерни нуқсонсиз тарк этган. 2013 йилда автомобилларнинг фақат ярми бундай кўрсаткичга эриша олган. Умуман олганда, Бу Андерссоннинг карьераси «АвтоВАЗ»дан олдин ва кейинга бўлиниши мумкин.

GM ва «Группа ГАЗ» компанияларидаги фаолият

Швециялик мутахассис автомобилсозлик соҳасидаги фаолиятини 1987 йилда «Saab» компаниясида бошлаган. 1993 йилдан 2009 йилгача «General Motors» компаниясининг харидлар бўлимида турли раҳбарлик лавозимида ишлаган. 2009 йилдан 2013 йилгача Бу Андерссон Россиянинг «Группа ГАЗ» компаниясини бошқарган ва йиллар давомида швед топ-менежери бу ерга фойда келтирди. Агар компания 2006 йилни кўп миллиард долларлик зарарлар билан молиявий йилни якунлаган бўлса, 2012 йилда компания 8,8 миллиард рубль соф фойда олди.

Унинг ижобий натижаларга олиб келган қадамларидан бири операцион даромаднинг бир қисмини раҳбарият ва ишчилар ўртасида тақсимлаш тўғрисидаги қарор эди. Андерссоннинг таъкидлашича, ҳар бир ходим корхонадан рағбатлантириш олишга қизиқади. Ҳар бир ходим бизнес учун фойда олишдан жуда манфаатдор, чунки уларнинг йиллик мукофоти бунга боғлиқ. Унинг раҳбарлигида ишлаб чиқариш тизими модернизация қилинди ва «ГАЗель Next» тақдим этилди.

«АвтоВАЗ»даги даври

Бу Андерссон икки йил давомида «АвтоВАЗ» президенти бўлган. Бу вақт ичида у автомобилсозлик соҳасидаги ютуқлари учун бир нечта мукофотларга сазовор бўлди. Аммо 2015 йил кузининг охирида «АвтоВАЗ»нинг россиялик акциядори «Ростех» раҳбари Сергей Чемезов томонидан очиқ танқид қилинганида швед мутахассисининг яқин орада истеъфога чиқиши ҳақида гап-сўзлар чиқа бошлади. Андерссоннинг истеъфога чиқиши сабаблари орасида Чемезов «АвтоВАЗ» йўқотишларини ва Швециянинг кадрлар сиёсатини келтириб ўтган.

«Тольяттидаги ижтимоий норозилик кучайиб борди, ҳатто бир нечта норозилик намойишлари аллақачон бўлиб ўтган эди», — деб эслайди Чемезов. Шунингдек, Чемезовнинг фикрича, «Lada» автомобилларини ишлаб чиқаришда хорижий компонентлардан кўп фойдаланилаётгани эди. «Энди бизга бошқа одам керак. Ҳаммаси шу», — дея хулоса қилган Чемезов.

«АвтоВАЗ» ҳақиқатан ҳам 2015 йилда рекорд даражадаги йўқотишга учради — 74 миллиард рубль. Бироқ шуни ҳам унутмаслик керакки, ўша йилларда Россия автомобиль саноати чуқур инқирозга дуч келган эди.  «Renault-Nissan» компаниясининг собиқ раҳбари Карлос Гон шундай дея таъкидлаган: «Мен рублнинг қаердалиги ва бозор 50 фоизга пасайганини ҳисобга олсак, у ҳозир Россияда пул топяпти, деб айта оладиган одамни билмайман».

Йўқотишларнинг катта қисми — 42 миллиард бухгалтерия тўловлари бўлиб, бозор ҳажмининг кескин пасайиши билан изоҳланади. Андерссоннинг кадрлар сиёсати ҳам катта танқидга учради.  2014–2015 йилларда автомобиль ишлаб чиқарувчиси ўз ходимларини 28 фоизга қисқартириб, 48 минг ходимга етди. 2015 йилнинг кузида «Ростех» раҳбари одамлар кўчага ҳайдалганидан ғазабланиб, Андерссон билан «тарбиявий иш» олиб боришга ваъда берди. 2015 йилнинг ноябрь ойида акциядорлар завод раҳбарияти томонидан ишлаб чиқилган 2016 йилги бюджетни рад этишди. Шу билан бирга, Андерссон фаолияти давомида корхонанинг унумдорлиги сезиларли даражада ошди.

Икки йил давомида, швед менежери даврида «АвтоВАЗ»да олтита янги модель чиқарилди. Улардан тўрттаси мавжуд автомобиллар мавзусидаги вариациялар эди — «кўтарилган» «Largus Cross», «Kalina Cross», классик «Нива»нинг «Urban 4х4» номли ўзгартирилган версияси ва лифтбек корпусидаги «Granta». Аммо Бу Андерссоннинг асосий тақдимоти Стив Меттин томонидан яратилган янги корпоратив дизайндаги «Xray» хэтчбеки ва «Vesta» седани бўлиб, «АвтоВАЗ»да янги даврнинг бошланишини белгилаб берди. Бундан ташқари, агар биринчиси, аслида, қайта ишланган «Renault Sandero Stepway» бўлса, «Vesta» «Renault-Nissan» мутахассислари иштирокида «АвтоВАЗ» томонидан ишлаб чиқилган янги платформада яратилган.

Андерсоннинг «АвтоВАЗ»дан кейинги карьераси

У Россия автомобиль саноатини тарк этгач, Андерссон узоқ вақт давомида йирик автомобиль ишлаб чиқарувчи платформада ишлашдан қочди. «АвтоВАЗ»ни тарк этгач, Андерссон ўзининг «Bo Group Enterprises» компаниясига асос солди ва Линкопинг университетида МБА курсида харидлар бўйича маъруза қилди. 2017 йилда у автомобилсозлик саноати учун сим ва бошқа электрон компонентлар етказиб берувчи дунёдаги энг йирик ҳисобланувчи Япониянинг «Yazaki» компаниясида Европа бўлимини бошқарган. Андерссон у ерда 2021 йилнинг августигача ишлади.

2021 йил ёзи охирида эса «Ўзавтосаноат» Андерссонни ўзининг асосий шўба корхоналари: «UzAutoMotors» ва «UzAutoMotors Powertrain» (двигателлар ва трансмиссиялар ишлаб чиқаради) бош директори этиб тайинлади.

«Ўзавтосаноат» баёнотига кўра, Андерссон олдида турган асосий вазифалардан бири яримўтказгичлар ва логистика тақчиллиги билан боғлиқ инқирозни бартараф этишдир. Бундан ташқари, ишлаб чиқаришни модернизация қилиши ҳам керак бўлади. Ҳозирда «UzAuto» глобал ГEМ платформасида янги моделлар — «Chevrolet Tracker» кроссовери ва «Chevrolet Onix» седанини маҳаллийлаштириш устида иш олиб бормоқда.

Тошкентда 30 сентябрь куни бўлиб ўтган иқтисодий форумда Бу Андерссон шундай деган эди: «Мен супермен эмасман, лекин улар мендан сифатлироқ маҳсулотлар, янги моделлар, жумладан, электромобиллар, арзонроқ нархлар ва қулайлик беришимни хоҳлашади. Бизнинг акциядорларимиз юқори самарадорлик ва маҳсулдорликни хоҳлашади ва бунга эришишнинг ягона йўли — бошқарув жамоаси билан ишлаш ва қиймат яратишдир».

Рус тилидан Эъзоза Олимова таржимаси