АОКАда 25 декабрь куни бўлиб ўтган брифингда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги бош бошқармаси бошлиғи Иномжон Абдураҳмонов Ўзбекистон 2021 йилнинг 11 ойида қанча қийматдаги маҳсулотлар экспорт қилганини маълум қилди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум қилинишича, 2021 йилнинг январь–ноябрь ойларида республика экспорти (махсус экспортсиз) 10 миллиард 841 миллион долларни ташкил этган ҳамда 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 131 фоизга ёки 2 миллиард 565 миллион долларга ўсиши таъминланган.

Келтирилишича, экспорт ҳажмларининг ўсиши асосий драйвер соҳалари сифатида белгилаб олинган тармоқлар ҳамда юқори қўшилган қийматга эга бўлган маҳсулотлар ҳисобига таъминланган. Шулардан:

  • тўқимачилик маҳсулотлари (1,6 баравар, +982 миллион доллар),
  • электротехника маҳсулотлари (1,8 баравар, +227 миллион доллар),
  • қурилиш материаллари (1,8 баравар, +173 миллион доллар)
  • транспорт воситалари (1,8 баравар, +134 миллион доллар) экспортида сезиларли ўсиш таъминланган.

Республиканинг барча ҳудудлари томонидан экспорт кўрсаткичлари тўлиқ таъминланди ҳамда ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 144 фоизга ёки 1 миллиард 652 миллион доллар ўсишга эришилди. Жумладан, Фарғона вилояти (1,5 баравар, +220 миллион доллар), Самарқанд (1,6 баравар, +156 миллион доллар), Тошкент вилояти (1,3 баравар,+150 миллион доллар), Андижон (1,3 баравар, +133 миллион доллар),  Қашқадарё (1,7 баравар, +81,6 миллион доллар) вилоятлари ва Тошкент (1,6 баравар, +443 миллион доллар) шаҳрида кескин ўсиш суръатларига эришилган.

Қайд этилишича, 2021 йил якуни билан республика экспорти (махсус экспортсиз) 12 миллиард долларни ташкил этиши ҳамда ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 130 фоизга ёки 2,8 миллиард долларга ўсиши кутилмоқда.

Аввалроқ «хизматлар экспорти инобатга олинмаган». Қозоғистон ва Ўзбекистон статистикаси тафовутига изоҳ берилганди. Шунингдек, Ўзбекистон 10 ойда қанча мева ва сабзавот экспорт қилгани маълум бўлганди.