Тарафларнинг розилиги ҳамда суд мажлисида раислик қилувчининг рухсати билан барча жиноят ишлари телеканалларда, шунингдек, интернет тармоғи орқали жонли эфирга узатилиши мумкин. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ишлаб чиққан «Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлиги, жамоатчилик назорати такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасида ёзилган. Ушбу лойиҳа айни пайтда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилган бўлиб, бир нечта саволларга сабаб бўлмоқда.

Фото: Олий суд

Ҳужжат лойиҳасининг 1-моддасида 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган Ўзбекистон Жиноят-процессуал кодекси 19-моддасига (судда жиноят ишларининг ошкора кўрилиши) ўзгартишлар киритилиши назарда тутилган. Хусусан, модда қуйида келтирилган таҳрирдаги ўнинчи қисм билан тўлдирилиши айтилган:

«Тарафларнинг розилиги ҳамда суд мажлисида раислик қилувчининг рухсати билан барча жиноят ишлари телеканалларда, шунингдек, интернет тармоғи орқали жонли эфирга узатилиши мумкин (ёпиқ суд мажлислари бундан мустасно)», дейилган қонун лойиҳасида.

Антикоррупция агентлиги томонидан мазкур қонун лойиҳаси ишлаб чиқилишидан асосий мақсад — давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, жамоатчилик назоратини такомиллаштириш ҳисобланади. Лекин Жиноят-процессуал кодексига мазкур ўзгартиришлар киритилганидан кейин ҳам жамоатчилик назорати бўйича катта ўзгариш бўлиши мушкул, дея хавотирлар билдирилмоқда. Негаки, агар айбланувчи томон суд мажлиси транслация қилинишини истамаса (катта эҳтимол истамайди ҳам), суд мажлиси жонли эфирга узатилмайди.

«Bugun.uz» билан суҳбатлашган ҳуқуқшунос-адвокат Абдумалик Абдуллаевга кўра, киритилаётган норма мазмунига эътибор берилса, тарафлар розилиги ва суд мажлисида раислик қилувчининг рухсати шартлиги илгари сурилмоқда.

«Тасаввур қилинг: ишда бир тараф суд мажлисида ишни телеканалларда, шунингдек, интернет тармоғи орқали жонли эфирга узатилишини сўраб илтимоснома киритди. Иккинчи тараф рози бўлмади. Ушбу норма талабига кўра, суд илтимономани рад этади. Чунки қонунда тараф эмас, тарафлар розилиги назарда тутилганлиги боис иккинчи тараф рози бўлмади, деб рад этиш мумкин. Агар иккинчи тараф рози бўлса-чи? Бундай ҳолда суд илтимосномани қаноатлантирадими? Ҳа, дея айта олмайсиз.

Чунки тарафлар розилигидан ташқари раислик этувчининг рухсати ҳам шартлиги белгилаб қўйилмоқда. Демак, очиқлик ва шаффофлик масаласи тарафлар розилигидан ташқари раислик этувчининг кайфиятига ҳам боғлиқ бўлиб қолади! Бу масалада ишдаги тарафлар розилиги муҳим шарт экан, нима сабабдан суднинг рухсат бериши ҳам алоҳида шарт сифатида назарда тутилмоқда? Тарафлар розилиги муҳим шарт экан, нормада ‘тарафлар розилигига асосан суд мажлисида раислик этувчининг рухсати билан’ деган жумла, менимча, тўғрироқ эмасми?

Иккинчидан, киритилаётган нормада эфирга узатилиши ‘мумкин’ дейилган. Эфирга етарли қонуний асос бўлса ҳам, ‘мумкин бўлмай’ қолиши ҳам мумкин. Демак, мумкин сўзи судьянинг кайфиятига боғлиқ қилиб қўйилган кўринади.

Юқоридаги мулоҳазадан келиб чиқиб, ‘Тарафларнинг розилигига асосан суд мажлисида раислик қилувчининг рухсати билан барча жиноят ишлари телеканалларда, шунингдек, интернет тармоғи орқали жонли эфирга узатилади (ёпиқ суд мажлислари бундан мустасно)’ дейилса, қандай бўлади?», — деб таъкидлади Абдумалик Абдуллаев.

Мазкур қонун лойиҳаси 2022 йилнинг 7 январигача жамоатчилик муҳокамасига очиқ бўлиши белгиланган.

Баҳодир Абдуллаев тайёрлади