Тошкент шаҳрида «темир дафтар»га киритилган 8 минг 540 та моддий ёрдам оладиган оилага бир марталик моддий ёрдам учун 6 миллиард 832 миллион сўм республика бюджетидан ажратилди. Ушбу маблағ икки кун муддатда тижорат банклари ва маҳалла фуқаролар йиғини раислари билан биргаликда туманлардаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга тарқатилади, деб хабар бермоқда «Bugun.uz» мухбири.

Фото: «Bugun.uz»

25 декабрь куни имзоланган Тошкент шаҳар ҳокимининг қарорига мувофиқ, тижорат банклари ва маҳалла фуқаролар йиғини раислари билан биргаликда моддий ёрдам учун тарқатиладиган маблағларнинг нақд пул кўринишида ўз вақтида ва тўлиқ ҳолда тарқатилиши таъминланади.

Эслатиб ўтамиз, ушбу пуллар Ўзбекистон Президентининг 2021 йил 21 декабрдаги тегишли қарори асосида ажратилган бўлиб, ҳужжатга мувофиқ 2021 йилнинг декабрь ойида аҳолининг қуйидаги қатламларига кирувчи оилаларга 800 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам кўрсатилиши белгиланган:

  • 2021 йил давомида «темир дафтар» рўйхатида бўлган оилаларга;
  • 18 ёшга тўлмаган фарзандлари бор боқувчисини йўқотганлик пенсияси ёки нафақасини олувчи оилаларга;
  • 18 ёшгача болалар учун ногиронлик нафақасини олувчи оилаларга.

Маълумот учун, 2021 йилда Тошкент шаҳрида «темир дафтар» рўйхатида бўлган 10 минг 887 та оила мавжуд. Шундан 18 ёшга тўлмаган фарзандлари бор  боқувчисини йўқотганлик пенсияси ва нафақаси олувчи оилалар сони 1457 тани, 18 ёшга болалар учун ногиронлик нафақаси олувчи оилалар сони эса 890 тани ташкил этади.