АҚШда эвакуация қилинган афғонларнинг бир қисми бошпанасиз қолиши мумкинлиги маълум қилинди. Бу ҳақда «Axios» портали хабар берди.

Фото: «The Boston Globe»

Қайд этилишича, бугунги кунга қадар «Allies Welcome» операцияси доирасида 48 мингга яқин одам бошқа жойга кўчирилган. Яна 26 минг нафар қочқин эса мамлакатдаги 7 та ҳарбий базада бўлиб, улар иммиграция, тиббий кўрик ва эмлаш билан боғлиқ муолажалардан ўтмоқда.

Таъкидланишича, давлат ва маҳаллий хизматлар департаменти томонидан кўчирилган одамлар дастлабки 30–90 кун ичида уй-жой, иш топиш, болаларни мактабга жойлаштириш ва инглиз тилини ўргатиш бўйича ёрдам олмоқда.

Бироқ кўчиб ўтишга ёрдам бериш учун кўнгилли сифатида фаолият олиб бораётган маҳаллий адвокат Шекеба Морраднинг айтишича, жамоат ташкилотчилари орасида хавотир юзага келган. Унинг сўзларига кўра, асосий ташвиш қўллаб-қувватлаш тугаши билан афғонларнинг бошпанасиз қолиш хавфи бўлмоқда.

Таъкидланишича, 2021 йил 15 август куни «Толибон» ҳаракати Америка қўшинлари мамлакатдан олиб чиқилиши фонида Афғонистоннинг бутун ҳудудини назорат остига олган. Афғонистондан Америка қўшинларини эвакуация қилиш ва дипломатик миссияни якунлай 2021 йил 31 августда ниҳоясига етган.

Аввалроқ Афғонистондан эвакуация қилинган қочқинлар Америка ҳарбий базаларидан оммавий равишда қочиб кетаётгани маълум қилинганди. Шунингдек, Британияга келган афғон қочқинлари уларни ўз ватанига қайтаришни сўрагани хабар берилганди.