«Толибон» ҳаракати Афғонистонда фаолият юритган иккита комиссияни тарқатиб юборди

«Толибон» ҳаракати Афғонистонда фаолият юритган иккита комиссияни тарқатиб юборгани маълум бўлди. Бу ҳақда «Deutsche Welle» хабар берди.

Фото: «Al Jazeera»

Маълум қилинишича, «Толибон» ҳаракати аъзолари Афғонистондаги сайловларни ташкил қилиш учун аввалги тузум даврида фаолият юритган Мустақил сайлов комиссияси (МСК) ва Сайлов шикоятлари комиссиясини тарқатиб юборган. Бу ҳақдаги маълумотни ҳаракат вакили Билол Каримий очиқлаган.

«Комиссиялар ишига эҳтиёж қолмаган. Бундан ташқари, яқинда тинчлик ва парламент ишлари бўйича фаолият юритган 2 та вазирлик ҳам тугатилди», — дея қўшимча қилган Каримий.

Таъкидланишича, МСК 2006 йилда ташкил этилган бўлиб, Афғонистонда президентлик ва бошқа сайловлар ўтказилишини назорат қилиш вазифасини бажарган. Афғонистонлик сиёсатчи Халим Фидай комиссиянинг тарқатилишини қоралаган. Хост вилоятининг собиқ губернатори эса ҳаракатни ҳокимиятни «сайлов билан эмас, ўқ билан» назоратга олаётганликда айблаган.

Аввалроқ Россияда «Толибон» иштирокида ўтаётган учрашувда нималар муҳокама қилиниши ва «Толибон» ҳаракати қўшни давлатларга террористик ҳужум уюштирилиши эҳтимолини баҳолагани маълум қилинган.

Кўп ўқилган

Бошқа лойиҳаларимиз