Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров қизи Айшатнинг республика маданият вазири этиб тайинланишини унинг маданият соҳаси муаммоларини ҳал этишдаги муваффақиятларини кўргани билан изоҳлади. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Фото: «Openmedia»

Унинг сўзларига кўра, Айшатнинг столи устида муваффақиятга эришолмаган тақдирда лавозимидан кетиши ҳақида имзосиз ариза бор.

«Кимни маданият вазири этиб тайинлаш ҳақида узоқ ўйлаганман. Унинг вазир биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган вақтини ва қандай ютуқларга эришганини кўрдим. Шунчаки, ўша одам менинг қариндошим бўлгани учун ҳеч қачон бирор лавозимга тайинламайман. Унинг шу кунгача бирор одам шуғулланмаган муаммоларга эътибор қаратганини кўрдим: кутубхоналар, музейлар, театрлар. Вазирликка келганидан сўнг у театр маданияти, музей, кутубхоналар ривожи борасида кўп ишни амалга оширди», — дейди Қодиров.

Айшат Қодирова 1998 йил 31 декабрда Чеченистоннинг Центорой қишлоғида туғилган. У Чечен давлат университетини тамомлаган, 2016 йилдан бери «Firdaws» модалар уйининг директори бўлиб, 2020 йилнинг сентябрь ойида Чеченистон маданият вазирининг биринчи ўринбосари лавозимини эгаллаган. 2021 йилнинг октябрь ойида эса минтақа маданият вазири этиб тайинланган.

Аввалроқ  Айшат Қодирова «Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилгани учун» медали билан тақдирланганди. Шунингдек, Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров қизи иккинчи қизи Хадижат Қодировани «Чеченистон республикаси олдидаги хизматлари учун» медали билан мукофотлаганди.