Жанубий Корея Шимолий Кореяни давлатлар ўртасидаги мулоқотни тиклашга чақирди

Жанубий Корея Бирлашиш вазирлиги Шимолий Кореяни 2022 йилда Сеул билан мулоқот ва ҳамкорлик сари қадам ташлашга чақирди. Бу ҳақда манбасига таяниб, «ТАСС» хабар берди.

Фото: «Wall Street Journal»

Маълум қилинишича, вазирликнинг икки давлат ўртасидаги мулоқотни тиклаш борасидаги чақириғини Сеулда бўлиб ўтган матбуот анжумани давомида вазирлик вакили Ли Чжон Чжу маълум қилган. «Умид қиламизки, КХДР янги йилни жаҳон ҳамжамияти билан мулоқот учун эшик очиш орқали бошлайди ва ҳамкорлик сари қадам ташлайди», — деган у.

Ли Чжон Чжунинг эслатишича, КХДРда декабрь ойининг сўнгги ўн кунлигида Корея ҳукмрон Меҳнат партиясининг навбатдаги пленуми бўлиб ўтади, унда 2022 йилга мўлжалланган ишларни муҳокама қилиш ва қарор қабул қилиш режалаштирилган. Бирлашиш вазирлиги вакилининг сўзларига кўра, бундай тадбирлар одатда бир кундан тўрт кунгача давом этади ва улар мамлакат раҳбари Ким Чен Ин иштирокида бўлади. Ли Чжон Чжунинг таъкидлашича, Сеул «бу воқеани диққат билан кузатиб боради, унинг доирасида Кореялараро муносабатлар ёки ядровий музокаралар ҳақида баёнот берилиши мумкин».

Маълумот учун, Жанубий Корея президенти Мун Чжэ Ин АҚШ, Хитой, Шимолий Корея ва Корея Республикаси 1950–1953 йиллардаги Корея уруши расман якунланганини эълон қилишга «принципиал» келишиб олганини маълум қилганди. Мун Чже Иннинг сўзларига қараганда, бу борадаги якуний музокара Шимолий Кореянинг шарти туфайли ҳали бошланмаган. Шартга кўра, Пхеньян АҚШ Шимолий Кореяга нисбатан «душманлик сиёсатидан» воз кечса, музокара столига ўтиришга рози бўлади. «Шу шарт сабабли декларацияни муҳокама қилиб, музокара ўтказа олмаяпмиз. Музокара бошланади деб умид қиламиз», — дея таъкидлаган Мун Чжэ Ин.

Қайд этилишича, 2021 йил сентябрь ойида Корея Меҳнат партияси марказий қўмитаси бўлим бошлиғи ўринбосари, Шимолий Корея етакчисининг синглиси Ким Ё Чжон Пхеньян Сеул билан Корея уруши расман якунлангани ҳақидаги декларацияси бўйича конструктив мулоқотга тайёрлигини маълум қилганди.

Маълумот ўрнида, КХДР ва Корея Республикаси ўртасидаги Корея уруши 1950 йил 25 июндан 1953 йил 27 июлгача бўлиб ўтган ва сулҳ билан якунланган. Мамлакатлар ўртасида тинчлик шартномаси бўлмаган ва расмий равишда Шимолий ва Жанубий Корея ҳали ҳам уруш ҳолатида.

Аввалроқ бу давлатлар ўртасидаги алоқалар узилганди. Шунингдек, Шимолий Корея нима учун Жанубий Корея билан алоқаларни узгани маълум қилинган.

Кўп ўқилган

Бошқа лойиҳаларимиз