Нур-Султон «Росатом» билан Қозоғистонда атом электр станциясини қуриш борасида музокара бошлади. Бу ҳақда Қозоғистон стратегик режалаштириш ва ислоҳотлар агентлиги раҳбари Қайрат Келимбетов «Коммерсант»га берган интервьюсида айтиб ўтди.

Фото: «РИА Новости»

Унинг таъкидлашича, ҳозирги асосий тенденциялардан бири декарбонизация ҳисобланади. «Бу энергия моделидан янги ҳолатга ўтиш бўлиб, бизда кўмир энергетикаси 70 фоизни ташкил қилади», — дейди Келимбетов.

Таъкидланишича, Қозоғистон 2060 йилга бориб углерод бўйича нейтрал бўлишни, 2030 йилгача эса карбонат ангидрид чиқиндилари ҳажмини 15 фоизга камайтиришни режалаштирмоқда.

«Бунинг учун қуёш ва шамол энергиясига инвестицияларни жалб қилиш зарур. Қаергадир газ керак, шу боис ‘Газпромʼ билан ҳамкорлик қилмоқдамиз, лекин, катта эҳтимол билан, Қозоғистон атом электр станциясини қуради. Биз аллақачон, жумладан, ‘Росатомʼ билан музокаралар олиб бормоқдамиз», — дейди Келимбетов.

Агентлик раҳбарининг қўшимча қилишича, Қозоғистон учун декарбонизация нафақат кўмирдан узоқлашиш, балки у нефть ва газдан пул ишлаб топган эски энергетика моделидан маълум бир иқтисодий моделга ўтиш ҳамдир.

Аввалроқ Россия Қозоғистонда АЭС қуришга тайёр экани маълум қилинганди. Шунингдек, Қозоғистонда АЭС қурилишига қарши петиция бошланганди.