Ўзбекистон Россияда ишлаб чиқилган яна бир ковид препаратига қизиқиш билдирди

Ўзбекистон шифокорлари коронавирусни даволаш учун мўлжалланган «МИР-19» препарати бўйича олиб борилаётган изланишларни диққат билан кузатиб бораётгани, барча синовлар тугагач эса ундан республикада фойдаланиши мумкинлиги маълум қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабеков «РИА Новости»га маълум қилди.

Фото: «РИА Новости»

Таъкидланишича, Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги Федерал Тиббиёт-биология агентлигининг Иммунология институтида коронавирусга қарши ишлаб чиқилган «МИР-19» дори воситасини рўйхатдан ўтказган.

Агентлик раҳбари Вероника Скворцованинг айтишича, препарат фақат шифохоналарда қўллаш учун мўлжалланган, бироқ уни амбулатор беморларни даволаш учун дорихоналарга тарқатиш бўйича тадқиқот ўтказиш режалаштирилган.

«Ҳа, биз Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги ‘МИР-19ʼ дори воситасини рўйхатдан ўтказганини биламиз. Агар мутахассислар томонидан олинган маълумотлар ишончли бўлса, республикамиз инфекционистлари, педиатрлари, реаниматологлари ҳам ушбу дори воситасига эътибор қаратади», — дейди Отабеков Ўзбекистонда препаратни қўллаш имкониятларини шарҳлар экан.

Аввалроқ Россиянинг «Спутник V» вакцинасини Тошкентда ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши маълум қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистонга «Спутник V» вакцинасининг 70 минг дозали 2-компоненти олиб келинган.

Кўп ўқилган

Бошқа лойиҳаларимиз