АОКАда 27 декабрь куни бўлиб ўтган брифингда Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати раҳбари ўринбосари Ҳусан Тангриев 2021 йилда Ўзбекистон ҳудудида қанча миқдордаги пиротехника воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилгани ҳақида маълумот берди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

Фото: Давлат божхона қўмитаси

Маълум қилинишича, 2021 йилнинг 27 декабригача бўлган давр мобайнида Давлат божхона қўмитаси томонидан 209 та божхона қонун бузилиши ҳолатида 5 миллион 732 минг донадан ортиқ пиротехника воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилган.

Келтирилишича, умумий ҳисобда йил бошидан буён давлат божхона хизмати органлари томонидан ҳуқуқбузарлик ашёси сифатида олиб қўйилган жами пиротехника воситаларининг умумий қиймати 4 миллиард 695 миллион сўмни ташкил қилган. Пиротехника воситалари суднинг тегишли қароридан сўнг белгиланган тартибда сўзсиз йўқ қилинган.

Аввалроқ Андижонда 63 миллион сўмлик пиротехника воситаларини олиб кетаётган аёл ушланганди. Шунингдек, Ўзбекистонга 2 миллиард сўмдан ортиқ қийматдаги пиротехника воситалари олиб кирилиши тўхтатилгани айтилганди.