Россия Сенати раиси Валентина Матвиенко Ўзбекистонга келади. Бу ҳақда «Sputnik» хабар берди.

Фото: «РИА Новости»

Маълум қилинишича, Сенат раисининг Ўзбекистонга ташрифи 2022 йилнинг кузига режалаштирилган бўлиб, ўша пайтда парламент аъзолари ялпи мажлиси, шунингдек, Парламентлараро Ассамблея Кенгаши ва халқаро конференция ўтказилади.

Таъкидланишича, Валентина Матвиенконинг Марказий Осиё давлатларига ташрифи Тожикистондан бошланади ва 2022 йил февраль ойи охирида амалга оширилади.

«Агар режалар ўзгармаса, февраль ойи охирида Тожикистонга боришни режалаштиряпман, у ерда минтақалараро ҳамкорлик форуми, комиссиямиз йиғилиши бўлади», — деган Матвиенко.

Матвиенконинг сўзларига кўра, давлатлар ҳозир «Марказий Осиё плюс Россия» форумига ҳозирлик кўрмоқда. Тадбир Туркманистонда 2022 йилнинг биринчи ярмида ташкил этилади. 2022 йилда Сенатнинг устувор йўналишларидан бири «МДҲ маконида парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш» бўлади.

Аввалроқ Қозоғистон Парламенти Сенати раиси Ўзбекистонга ташриф буюрганди. Шунингдек, Корея Миллий ассамблеяси спикери Ўзбекистонга келганди.