БМТ бош котиби коронавирусдан кейинги пандемияга тайёрланишга чақирди

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш коронавирусдан кейинги пандемияга тайёрланиш кераклигини маълум қилди. Бу ҳақда унинг Twittter’даги саҳифасига таяниб, «Anadolu» хабар берди.

Фото: «Anadolu»

Таъкидланишича, бугун бутун дунё 2020 йил ноябрь ойида БМТ Бош Ассамблеяси томонидан эълон қилинган Халқаро эпидемияга қарши тайёргарлик кунини нишонламоқда.

«Ковид инсоният дуч келадиган сўнгги пандемия бўлмайди. Ушбу саломатликка оид инқирозга қарши курашар эканмиз, кейинги инқирозга тайёргарлик кўришимиз керак», — дейди Гутерриш.

Пандемия — бу бутун мамлакат, бир қанча қўшни давлатлар ва қитъаларга таъсир қилиши мумкин бўлган кенг кўламли эпидемия. У жуда кўп сонли ҳолатлар (бир неча миллион кишигача) ва давомийлиги (бир йилдан ўн йилларгача) билан тавсифланади.

ЖССТ 2020 йил 11 мартда янги коронавирус инфекциясининг (CОVID-19) тарқалишини пандемия деб эълон қилган. Жонс Ҳопкинс университети (АҚШ) маълумотларига қараганда, 2021 йил 26 декабрь ҳолатига кўра, дунёда 279 миллиондан ортиқ ушбу касаллик билан боғлиқ ҳолат қайд этилган, 5,3 миллиондан ортиқ киши вафот этган. ЖССТ янги коронавирусга қарши курашиш учун диагностика, вакциналар ва дори воситаларини ишлаб чиқишни жадаллаштиришга қаратилган тадқиқот ва ишланмалар дастурини жонлантирган.

Таъкидланишича, ҳозирда дунёда 168 та номзод вакцина клиник синовдан ўтказилмоқда: улардан 40 таси биринчи босқичда, 58 таси иккинчи, 62 таси учинчи босқичда.

Аввалроқ ЖССТ дунёда электрон сигаретларнинг тарқалишини чеклашга чақирган. Шунингдек, ташкилот коронавируснинг келиб чиқишини ўрганиш бўйича янги режани эълон қилганди.

Кўп ўқилган

Бошқа лойиҳаларимиз