Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Ўзбекистон Россияда ишлаб чиқилган яна бир ковидга қарши вакцина — «МИР-19»ни харид қилиши мумкин.

Ўзбекистон Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабековнинг маълум қилишича, ўзбекистонлик шифокорлар «МИР-19» вакцинаси бўйича изланишларни диққат билан кузатяпти. Барча синовлар (муваффақиятли) тугагач эса ундан республикада фойдаланилиши мумкин.

Фото: «РИА Новости»

Ҳозирда «МИР-19» дори воситаси Россияда рўйхатдан ўтказилган. Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги Федерал Тиббиёт-биология агентлиги раҳбари Вероника Скворцованинг айтишича, препарат фақат шифохоналарда қўллаш учун мўлжалланган, бироқ уни амбулатор беморларни даволаш учун дорихоналарга тарқатиш бўйича тадқиқот ўтказиш режалаштирилган.

Қорбобо совға улашишда давом этади. Бу сафар ўзига. Сирдарё ҳокимлиги салкам ярим миллиард сўмга «Kia Sorento Comfort» сотиб олди.

Сирдарё вилояти ҳокимлиги «Roodell» масъулияти чекланган жамиятидан 21 декабрь куни «Kia Sorento Comfort» русумли автомобиль харид қилди.

Фото: «Olx.uz» / Иллюстратив

«Dxarid.uz» портали маълумотларига кўра, компания ва ҳокимлик ўртасида 477 миллион 900 минг сўмга шартнома тузилган. Машина Сирдарё вилояти Ислом Каримов кўчаси 60-уйга етказиб берилиши белгиланган.

Аввалроқ Сирдарё вилоят ҳокими Ғофур Мирзаев Қорбобо кийимида эҳтиёжманд оилаларга ёрдам пули тарқатганди. Шундан келиб чиқиб, колумнистимиз Ҳабибулло Мўйдинов карикатура чизди.

Карикатура: «Bugun.uz» / Ҳабибулло Мўйдинов

Ўзбекистонликлар ўтган 11 ой давомида чет элдан 502,8 миллион долларлик енгил машина олиб келди. Бу ўтган йилгидан камроқ кўрсаткич.

Фото: «motor.ru»

Ўзбекистон январь–ноябрь ойларида 25 та хорижий давлатдан 502,8 миллион долларлик 23 минг 155 та енгил автомобиль импорт қилди. Статистика қўмитасининг таъкидлашича, бу турдаги импорт 2020 йилнинг мос даври билан солиштирилганда 179 тага камайган.

Бухорода ҳайдовчи машинасида Миллий гвардия ходимини уриб, қочиб кетди. Хизматчи воқеа жойида ҳалок бўлган.

Воқеа 20 декабрь куни соат 05:15 атрофида Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли Қумли ГТК мобил йўналишида содир бўлган. Аниқланишича, Миллий гвардия ходимлари қўриқлаш учун «Niva» хизмат машинасида қўриқланадиган ҳудудга борган.

Фото: «Bugun.uz»

Ҳ.А. исмли ходим йўналиш қувурининг тақиқланган қисмидан ҳаракатланиб келаётган «УАЗ» автомобилига тўхташ ишорасини кўрсатганда ҳайдовчи талабга бўйсинмай, гвардиячининг устига ҳайдаган. Мазкур ҳодисадан кейин фуқаро воқеа жойидан қочиб кетган.

Оқибатда оғир тан жароҳати олган сафдор Ҳ.А. воқеа жойида ҳалок бўлган. Ҳолат юзасидан А.А.га нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган.

Бошқа хабарлар пунктларда:

  • Ўзбекистонда йил охиригача ёғингарчилик кузатилмайди. Янги йил куни ҳам. Эртаклардек байрамни унутинг;
  • Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида чегара масаласида яна бир учрашув ўтказилди. Кейинги йиғилиш Ўзбекистонда бўлади;
  • Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонга янги тайинланган элчилардан ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олди;
  • Бонус: Тошкентда ёққан қор — суратларда.

Хўш, оламда нима гап?

Россияда мигрантлар ҳамда хорижликларнинг яшаш жойини ўзгартиришига чеклов қўйилади. Бу ҳаммага ҳам тегишли эмас.

Россия Ички ишлар вазирлиги мамлакатда мигрантларни назорат қилиш учун жорий этилувчи махсус режим ҳақидаги маълумотларни очиқлади.

Фото: «Sputnik»

Ушбу режимга кўра, мигрантлар ҳамда хорижликларнинг яшаш жойини ўзгартиришига чеклов қўйилади. Шунингдек, улар назорат қилувчи органларга бориши ёки электрон шаклда қаерда эканини маълум қилиши керак. Бундан ташқари, мамлакатда депортация ва чиқариб юбориш ўрнига битта тартиб — чиқариб юбориш режими жорий этиш режалаштирилмоқда.

Қайд этилишича, қоидаларга барча хорижликлар риоя қилмайди, фақат Россия ҳудудида қолиш ҳуқуқига эга бўлмаган, аммо мавжуд шароит туфайли мамлакатда қолишга мажбур бўлганлар томонидан амалга оширилади. Ички ишлар вазирлигининг билдиришича, бундай чора миграция соҳасидаги хавфсизлик ва қонунларга риоя қилишни яхшилайди.

Россия Сенати раиси Валентина Матвиенко Ўзбекистонга келади.

Фото: «РИА Новости»

Сенат раисининг Ўзбекистонга ташрифи 2022 йилнинг кузига режалаштирилган бўлиб, ўша пайтда парламент аъзолари ялпи мажлиси, шунингдек, Парламентлараро Ассамблея Кенгаши ва халқаро конференция ўтказилади.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.