9:29 | 27.12.21 50

Бухорода ҳайдовчи машинасида Миллий гвардия ходимини уриб, қочиб кетди

Оқибатда жабрланувчи воқеа жойида ҳалок бўлган

Бухоро вилояти Ромитан туманида 20 декабрь куни ҳайдовчи машинасида Миллий гвардия ходимини уриб, воқеа жойидан қочиб кетди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум бўлишича, воқеа соат 05:15 атрофида Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли Қумли ГТК мобил йўналишида содир бўлган. Аниқланишича, Миллий гвардия ходимлари қўриқлаш учун «Niva» хизмат машинасида қўриқланадиган ҳудудга борган.

Таъкидланишича, Ҳ.А. исмли ходим йўналиш қувурининг тақиқланган қисмидан ҳаракатланиб келаётган «УАЗ» автомобилига тўхташ ишорасини кўрсатганда ҳайдовчи талабга бўйсинмай, гвардиячининг устига ҳайдаган. Мазкур ҳодисадан кейин фуқаро воқеа жойидан қочиб кетган.

Оқибатда оғир тан жароҳати олган сафдор Ҳ.А. воқеа жойида ҳалок бўлган. Ҳолат юзасидан А.А. га нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 2-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган.

Аввалроқ Фарғонада Миллий гвардия ходими машинасида уриб кетган фуқаро вафот этгани айтилган хабарга изоҳ берилганди.