Панжшер аҳолиси «Толибон» ҳаракатига қарши оммавий намойиш ўтказди — видео

Афғонистонда минглаб аҳоли Панжшер губернаторлиги биноси олдида «Толибон» ҳаракати аъзолари томонидан фуқаронинг ўлдирилишига қарши намойиш ўтказди. Бу ҳақда «Tolo News» хабар берди.

Фото: «Tolo News»

Намойишчиларнинг айтишича, «Толибон» ҳаракати кучлари Панжшер вилоятининг Анава шаҳрида фуқарони отиб ўлдирган. Панжшер хавфсизлик бошқармаси бошлиғи Абдулҳамид Хуросоний аҳолидан келган нотўғри маълумот туфайли «Толибон» ҳаракати аъзолари томонидан бир фуқаро ўлдирилганини маълум қилган.

Қайд этилишича, иштирокчилар намойиш пайтида «Толибон» ҳаракати адолатни таъминлаши ва айбдорларни жавобгарликка тортиши кераклигини таъкидлаган.

«У хавфсизлик кучлари томонидан олинган нотўғри маълумотлар асосида ўлдирилган. Одамлар норозилик билдириб, ҳокимлик олдига келди. Ислом Амирлиги раҳбарияти халққа бундай ҳаракатларга йўл қўйган ҳар қандай шахс жавобгарликка тортилишига ваъда берди», дейилади баёнотда.

Хуросонийнинг айтишича, маҳаллий расмийлар намойишчилар билан гаплашган ва намойиш 26 декабрь куни кечқурун якунланган.

Аввалроқ Тожикистон президенти Панжшер юзасидан дунё давлатларига мурожаат қилгани ва Тожикистон президенти Аҳмад Масъуднинг отасини орден билан мукофотлагани маълум қилинган.

Кўп ўқилган

Бошқа лойиҳаларимиз