Альянсни кенгайтирмаслик мавзуси бўлажак Россия–NATO музокарасининг асосий масалаларидан бири бўлиши маълум қилинди. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захаровага таяниб, «Sputnik» хабар берди.

Фото: «Sputnik»

Унинг сўзларига кўра, мамлакат Россия чегараларида NATO қуроллари бўлмаслиги кераклигини ҳам муҳокама қилади. «Россия позициясининг моҳиятини ҳали тушунмаганлар биз нима ҳақида гаплашмоқчи эканимизни аниқ билиб олиши керак», — деб таъкидлаган Россия ТИВ вакили.

Таъкидланишича, Россия ўтган ҳафта АҚШ билан шартнома ва NATO’га аъзо давлатлар билан келишув лойиҳасини эълон қилган. Ҳужжатлар, хусусан, Европада ўзаро хавфсизлик кафолати, ўрта ва қисқа масофага учувчи ракеталарни бир-бирига яқин бўлган ҳудудга жойлаштирмаслик ва NATO’ни собиқ иттифоқ республикалари ҳисобидан янада кенгайтиришдан бош тортиш тўғрисидаги қоидаларни ўз ичига олади.

Аввалроқ NATO бош котиби Йенс Столтенберг ташкилотнинг Россия билан мулоқотга киришиш шартларини маълум қилганди. Шунингдек, ташкилотнинг тезкор ҳаракат кучлари юқори тайёрлик ҳолатига ўтказилгани ҳақида хабар берилганди.