Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонга янги тайинланган элчилардан ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олди — фото
Президент Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси асосида ислотҳотларни амалга оширишда қатъий эканини қайд этди
Шавкат Мирзиёев 27 декабрь куни хорижий давлатларнинг Ўзбекистонга янги тайинланган элчиларидан ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.


Қайд этилишича, давлат раҳбари Латвия элчиси Рейнис Трокша, Венгрия элчиси Дюла Ковач, Франция элчиси Орелия Бушез ва Саудия Арабистони элчиси Юсуф ал-Утайбийдан ишонч ёрлиқларини қабул қилган.
Президент янги тайинланган элчиларни мамлакатимизда дипломатик миссиясини бошлагани билан самимий табриклаган. Ўзбекистон хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан конструктив мулоқотни ривожлантириш, ўзаро манфаатли шерикликни кенгайтиришга муҳим аҳамият қаратаётгани таъкидланган.
Мирзиёев мамлакат демократик янгиланишларни давом эттириш, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси асосида комплекс ислотҳотларни амалга оширишда изчилликни таъминлаш йўлида қатъий эканини қайд этган.

Ўзбекистон Россия, Хитой, АҚШ, шунингдек, Европа, Жанубий Осиё, Осиё-Тинч океани ва Яқин Шарқ давлатлари билан кўп қиррали ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқмоқда. Президент таъкидлаганидек, биз дунёга, дунё эса бизга очиқ бўлиши керак – бу бугунги тараққиётнинг асосий талаби. Ўзбекистон Ташқи сиёсий фаолияти концепцияси янги таҳрирда қабул қилинади.
«Минтақанинг ажралмас қисми сифатида қаралаётган Афғонистондаги вазиятнинг тартибга солинишини давлатимиз раҳбари хавфсизликни таъминлашнинг энг муҳим омили, деб атади. Ўзбекистон яқин қўшнимиз бўлган ушбу мамлакатда иқтисодий ва гуманитар инқирозга йўл қўймаслик, тинчлик ўрнатилишига кўмаклашиш учун халқаро ҳамжамият билан кенг кўламли ҳамкорликка тайёр», — деди Президент.
Ўзбекистон етакчиси янги тайинланган элчилар вакиллик қилаётган мамлакатлар билан кенг кўламли ва узоқ муддатли ҳамкорликнинг истиқболларига тўхталиб ўтган. Латвия Ўзбекистоннинг Европадаги ишончли ва муҳим шериги бўлиб, узоқ йиллардан буён мамлакатимизнинг Болтиқ ва Скандивания бозорларига чиқишида кўмаклашиб келмоқда.




Давлатлар ўртасида анъанавий дўстона ва ўзаро манфаатли муносабатлар қарор топган. Латвия Республикаси халқаро ташкилотлар ва Европа Иттифоқи доирасида мамлакатимизни доимо қўллаб-қувватлаб келмоқда. Шу билан бирга, ҳамкорликни ривожлантириш учун ҳали ишга солинмаган катта имкониятлар мавжуд. Икки мамлакат ўртасидаги савдо муносабатларнинг салоҳиятидан самарали фойдаланиш, транспорт, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, тўқимачилик саноати, туризм соҳаларида қўшма лойиҳа ва дастурларни фаол илгари суриш зарурлиги таъкидланган. Латвия юқори даражадаги делегацияларининг 2022 йилга режалаштирилган Ўзбекистонга ташрифлари ҳамкорликни кенгайтириш учун янги имкониятлар очади.

Ўзбекистон етакчиси Венгрия билан кўп асрлик тарихий яқинлик ва халқларимизнинг қардошлик ришталарига асосланган икки томонлама муносабатлар кейинги йилларда изчил ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этган. Венгрия Бош вазири Виктор Орбаннинг 2021 йил март ойидаги Ўзбекистонга ташрифи давомида Ўзбекистон-Венгрия ҳамкорлиги стратегик шериклик даражасига кўтарилди. Икки мамлакат етакчилари ўртасидаги конструктив мулоқотнинг давом эттирилиши давлатлараро муносабатларнинг янада ривожланишига хизмат қилишига ишонч билдирилган.

Таъкидланишича, ҳудудлараро ҳамкорлик механизми яратилган. 2021 йил июнь ойида икки мамлакат олий таълим муассасалари ректорларининг биринчи форуми муваффақиятли ўтказилган. Cентябр ойидан бошлаб Венгрия олий таълим даргоҳларида «Хунгарикум» дастури доирасида ўзбекистонлик талабалар таҳсил ола бошлаган. Қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, машинасозлик, фармацевтика, логистика, туризм каби муҳим соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш зарурлиги қайд этилган.
Улкан халқаро нуфуз ва салмоқли иқтисодий салоҳиятга эга Франция Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқидаги муҳим шерикларидан бири ҳисобланади. 2018 йил октябрда Францияга амалга оширилган олий даражадаги расмий ташриф ҳамда жорий йил август ойида Президент Эммануэл Макрон билан телефон орқали мулоқотлар Ўзбекистон-Франция муносабатларини ҳар томонлама мустаҳкамлашга хизмат қилган.

Ўзбекистонда Франция компаниялари билан биргаликда қатор ўзаро манфаатли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жиззах вилоятида «Renault» автомобилларини ишлаб чиқариш, «EDF» билан биргаликда энергетика объектларини, «Veolia» иштирокида коммунал инфратузилмани модернизация қилиш, «Total Eren» билан ҳамкорликда қуёш электр станциясини қуриш шулар жумласидан.
Ўзбекистон Президенти мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий лойиҳа ва дастурларни амалга оширишга кўмаклашаётган Франция тараққиёт агентлиги билан ҳамкорликни юқори баҳолаган. Ўзбекистон инновация, қишлоқ хўжалиги, авиасозлик, тоғ-кон саноати, тиббиёт, таълим ва туризм соҳаларида истиқболли лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш, маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтиришдан манфаатдор экани таъкидланган. Қайд этилишича, 2022 йилда Лувр музейида Ўзбекистон маданий меросига бағишланган кўргазма ўтказилади.
Давлат раҳбари Франциянинг 2022 йилнинг биринчи ярмида ЕИ Кенгашига раислиги даврида Ўзбекистоннинг Евроиттифоққа аъзо мамлакатлар билан кўп томонлама алоқалари янада мустаҳкамланишига ишонч билдирган.
«Саудия Арабистони нафақат араб-мусулмон оламида, балки бутун дунёда катта нуфузга ва молиявий-иқтисодий салоҳиятга эга бўлиб, Ўзбекистоннинг муҳим ҳамкори ҳисобланади. Икки муқаддас масжид ходими, Подшоҳ Салмон Ол Сауд ва Валиаҳд Муҳаммад Ол Сауд билан учрашувлар икки томонлама муносабатлар ривожига қўшимча суръат бағишлади», — деди Президент.

Ташқи ишлар вазири шаҳзода Файсал ва Инвестиция вазири Холид ал-Фалиҳнинг 2021 йилда мамлакатга амалга оширган ташрифлари Ўзбекистон-Саудия ҳамкорлигини кенгайтириш ва мустаҳкамлашга муҳим ҳисса қўшган. Президент мамлакат ҳудудларида Саудиянинг «ACWA Power» компанияси билан ҳамкорликда энергетика соҳасида йирик лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилаётганини мамнуният билан қайд этган.
Ишонч ёрлиқларини топшириш маросими якунида Президент хорижий давлатлар дипломатик ваколатхоналари раҳбарларига уларнинг Ўзбекистон билан дўстлик ришталари ва кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлидаги масъулиятли ва шарафли фаолиятига катта муваффақиятлар тилаган.


Дипломатлар самимий қабул ва самарали фаолиятига яратилган шароитлар учун миннатдорлик билдириб, ўзаро манфаатли алоқаларни янада ривожлантиришга бор куч-ғайрати, билими ва профессионал тажрибасини қаратишларини қайд этган.