Сирдарё вилояти ҳокимлиги «Roodell» масъулияти чекланган жамиятидан 21 декабрь куни «Kia Sorento Comfort» русумли автомобиль харид қилди. «Davletovuz» Telegram канали ушбу харидга эътибор қаратди.

Фото: «Olx.uz» / Иллюстратив

«Dxarid.uz» портали маълумотларига кўра, компания ва ҳокимлик ўртасида 477 миллион 900 минг сўмга шартнома тузилган. Машина Сирдарё вилояти Ислом Каримов кўчаси 60-уйга етказиб берилиши белгиланган.

Скрин: «Dxarid.uz»

Маълумот ўрнида, ҳукумат қарори билан туман ҳокимлари хизмат машиналари нархлари базавий ҳисоблашнинг 1000 бараваридан, двигатель энг юқори қуввати 2000 сантиметр кубдан ошмаслиги келтирилган. Агар туман тоғли ҳудуд бўлса, бу қувватни 3000 сантиметр кубгача оширишга рухсат берилиши мумкин. Базавий ҳисоблаш миқдорининг истисно чегараси кўрсатилмаган.

Эслатиб ўтамиз, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши 22 ноябрь куни 398 миллион сўмга «Trailblazer Ltz-At» автомобилини харид қилганди. Шунингдек, Бойсун тумани ҳокими ҳам 2021 йил ноябрь ойида 398 миллион сўмга «Trailblazer Ltz-At» хизмат автомашинасини харид қилиш учун шартнома тузгани хабар қилинган.