Сирдарё вилояти Сайхунобод туманида салкам 9 миллион сўмлик пиротехника воситаларини сотмоқчи бўлган 2 эркак қўлга олинди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати

Маълум бўлишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ҳамда Давлат хавфсизлик хизматининг туман бўлими томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Унда Б.Н. ва М.Б. олдиндан тил бириктириб, фуқаро А.га 60 дона пиротехника буюмларини 8,4 миллион сўмга сотмоқчи бўлгани аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 2501-моддаси (пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласи) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ Андижонда 63 млн сўмлик пиротехника воситаларини олиб кетаётган аёл ушлангани хабар қилинганди. Шунингдек, Бухорода юк машинасидан 1,1 миллиард сўмлик ноқонуний товарлар аниқланганди.