Ҳарбий разведка бўйича Тожикистон ва Ўзбекистон келишуви давлатларга терроризм ва экстремизмга қарши курашда ёрдам беради. Бу ҳақда Тожикистон мудофаа вазири Шерали Мирзога таяниб, «Sputnik» хабар берди.

Фото: «ТАСС»

Унинг сўзларига кўра, республикалар минтақавий таҳдидлар кучайиши сабабли бундай келишувдан манфаатдор ҳисобланади. Чунки мазкур ҳужжатларда идора раҳбарларининг расмий ташрифи, экспертлар учрашуви, шунингдек, Марказий Осиёдаги вазият бўйича маълумот алмашинуви кўзда тутилган.

Тожикистон парламенти қўшни давлат Президентининг Душанбега ташрифи чоғида имзоланган мудофаа ва хавфсизлик соҳасида Ўзбекистон билан учта шартномани ратификация қилган. Икки республика ўртасида ҳаво мудофааси соҳасида ҳамкорликни назарда тутувчи ҳужжат шулар жумласидандир.

Бундан ташқари, парламент фавқулодда вазиятларда ёки кутилмаган ҳолатларда давлат авиациясининг ҳаво ҳудуди ва аэродромлардан фойдаланишига оид шартномани кўриб чиққан.

Аввалроқ Тожикистон президенти Ўзбекистон билан мудофаа бўйича келишувни парламентга тақдим этганди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Тожикистон президенти билан учрашув ўтказганди.