Қуролланиш ва Украина муаммоси бўйича Россия–АҚШ музокаралари бўлиб ўтиши маълум қилинди. Бу ҳақда Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгаши вакилига таяниб, «Интерфакс» хабар берди.

Фото: «Anadolu Agency»

Маълум қилинишича, Америка ва Россия вакиллари ўртасидаги қурол-яроғ назорати ва Украинадаги вазият бўйича музокаралар 2022 йил 10 январь куни бўлиб ўтади.  Ушрашувнинг бошқа тафсилотлари ҳозирча очиқланмаган.

Маълумот ўрнида, АҚШ ҳукумати Россия Украинага бостириб кирган тақдирда унга қарши янги санкциялар пакети жорий этиш имкониятини ўрганаётгани хабар берилганди. Маълум қилинишича, Вашингтон мамлакатга смартфон, самолёт ва автомобиллар учун асосий компонентлар ҳамда «кўплаб бошқа соҳалар» учун зарур бўлган материаллар экспортини чеклаш бўйича фавқулодда чораларни кўриб чиқмоқда.

АҚШ президенти Жо Байден маъмуриятининг исмини ошкор этмаган ходими сўзларига кўра, Россиянинг Украинага қарши тажовузкорлиги учун санкция муҳокама қилинган. Экспорт назоратини кучайтириш Россия иқтисодиётига, жумладан, истеъмолчилар, ишлаб чиқариш операцияларига ва бандликка жиддий таъсир кўрсатиши мумкинлигини айтган.

Таъкидланишича, манба тахминий санкцияларни Россия учун «мисли кўрилмаган» деб баҳолаган. Унинг айтишича, агар чекловлар жорий этилса, Оқ уй собиқ президенти Дональд Трамп маъмурияти ва АҚШнинг амалдаги расмийлари Хитойнинг «Huawei» телекоммуникация ускуналари ишлаб чиқарувчисига нисбатан қўллаган воситалардан фойдаланади.

Маълумот ўрнида, ушбу компания 2019 йилда АҚШ миллий хавфсизлигига таҳдид туфайли қора рўйхатга киритилганидан сўнг «Intel»дан «Qualcomm»гача бўлган IТ соҳасидаги кўплаб йирик чип ишлаб чиқарувчилар у билан ҳамкорликни бузиб, янги буюртмаларни қабул қилишдан бош тортган. Натижада «Huawei» етказиб бериш жараёнидан узилиб қолиб, ўзининг «Honor» суббрендини сотишга мажбур бўлган, шундан сўнг унинг глобал смартфон бозоридаги фаоллиги сезиларли даражада пасайган.

«Агар смартфонлар импортини тақиқлаш АҚШнинг Россияга қарши янги чеклов чоралари қаторига киритилса, оқибати жуда аламли бўлади», — дейди Рақамли иқтисодиётни ривожлантириш жамғармаси кенгаши раҳбари Герман Клименко.

Аввлроқ АҚШ расмийлари Украинага «босқин»нинг олдини олишни кўзда тутган Россияга қарши янги санкцияларни жорий этиш масаласи устида ишлаётгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Беларусь Евроиттифоқ санкцияларига жавоб қайтариши маълум қилинганди.