Путин Тожикистонга қўшимча ҳарбий техника етказиб берилишини маълум қилди
Давлат раҳбари бу ҳақда Тожикистон президенти билан бўлган музокарада айтган
Россия президенти Владимир Путин Афғонистондаги вазият фонида мамлакат чегараларини мустаҳкамлаш ва хавфсизликни таъминлаш учун Тожикистонга қўшимча ҳарбий техника етказиб берилишини маълум қилди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Маълум қилинишича, Санкт-Петербургда Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан музокаралар чоғида Путин тожик–афғон чегарасидаги вазиятдан хавотирда эканини айтган.
«Биз Тожикистон мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш бўйича фаол ишлаяпмиз. Сўнгги пайтларда келишувимиз асосида Тожикистон қуролли кучларини мустаҳкамлаш, мамлакат ҳар қандай таҳдидларга самарали қарши туриши учун зарур қурол-яроғ ва техника етказиб бериш амалга оширилди», — деган Путин.
Маълумот ўрнида, Россия Тожикистонда 201-ҳарбий базасидаги транспорт экипажларига «Т-72Б3М» танклари ва бошқа мудофаа воситаларини топширганди. Маълум қилинишича, яқин келажакда танк бошқарувчиларини ҳам кенг кўламли қайта тайёрлаш кутилмоқда. Улар янги русумдаги жиҳозлар, шунингдек, ҳайдовчилик ва ўқ отишни ўрганиш бўйича ўқитилади. Бундан ташқари, янги танклар 201-ҳарбий базанинг турли хил машқларида қатнашади.
Генерал-полковник Александр Лапиннинг сўзларига кўра, Россиянинг Тожикистондаги ҳарбий базасида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, бу объектдаги жанговар тайёргарлик даражасини ошириши керак. Маълумот учун, Тожикистонда жойлашган 201-ҳарбий база Россиянинг ўз чегарасидан ташқаридаги энг йирик ҳарбий объектидир. У икки шаҳарда — Душанбе ва Бохтарда жойлашган.
Аввалроқ Россия Марказий Осиёдаги 2 давлатга янги алоқа тизимини жойлаштириши маълум қилинганди.