Тошкентдан учган самолёт Андижон аэропортига қўна олмади

Тошкентдан учган самолёт Андижон аэропортига қўна олмагани маълум бўлди. Бу ҳақда «Новости Ташкентского Неба» Telegram каналида хабар берилди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум қилинишича, «HY-091» Тошкент–Андижон йўловчи рейси манзилига — Андижон аэропортига қўна олмаган. Бунга эса аэропорт ҳудудида кузатилган туманли об-ҳаво сабаб бўлган. Оқибатда йўловчи рейси Фарғона халқаро аэропортига учиб, ўша ерга қўнган.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистонда 8 декабрь куни эрталаб кузатилган ноқулай об-ҳаво шароити сабаб кўришнинг ёмонлашиши оқибатида Урганч, Нукус ва Навоий аэропортларида парвозлар кечиктирилганди. Маълум қилинишича, Тошкентдан учган «HY051» рейси Урганч аэропортига соат 08:20 да қўниши керак бўлган.

Шунингдек, Тошкент–Нукус йўналиши бўйича «HY011» рейси кечиктирилишига ҳам туман сабаб бўлган. Самолёт Тошкентдан соат 07:30 да парвоз қилиши кутилган, бироқ ноқулай об-ҳаво шароити туфайли парвоз дастлабки маълумотларга кўра, соат 10:30 га қолдирилган. Таъкидланишича, Навоий аэропортини ҳам қуюқ туман қоплаган, кўриш масофаси 300–350 метрни ташкил этган. Бироқ эрталабки соатларда йўловчилар қатнови жадвалда бўлмаган.

Аввалроқ Ўзбекистондаги иккита аэропортда парвозлар кечиктирилганди. Шунингдек,  Қашқадарёда самолёт двигателлари ишламай қолиши оқибатида йўловчилар бир неча соат иссиқда қолиб кетгани хабар қилинган.

Кўп ўқилган

Бошқа лойиҳаларимиз